643 миллиард сўмлик маблағ талон-торож қилинган ҳолат фош этилди
Мамлакатимизда давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва шаффоф фойдаланишни таъминлаш, коррупция ва молиявий қонунбузилишларга қарши муросасиз курашиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йирик иқтисодий жиноятларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Солиқ қўмитасининг Комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширув давомида катта миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда бир қатор масъулияти чекланган жамиятлар ва қўшма корхоналарнинг айрим масъул шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилган. Улар Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ва қонунчиликка мувофиқ қўшилган қиймат солиғидан озод этилган 5,3 триллион сўмлик хизматлар учун электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний равишда ҚҚС суммаларини киритган.
Натижада бюджетда асоссиз равишда ҚҚС маблағи шакллантирилиб, ушбу маблағнинг бир қисми “A.” МЧЖ ҳисоб рақамига қайтарилишига, шунингдек, “S.E.” МЧЖ ҚКнинг давлат олдидаги кредиторлик қарздорликларини бартараф этишга эришилган. Тергов маълумотларига кўра, мазкур ҳаракатлар оқибатида давлат бюджетига 643,2 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси ( ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда иш бўйича барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида кенг қамровли тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов натижалари ва суд қарорлари орқали мазкур ишнинг барча тафсилотларига ҳуқуқий нуқтаи назардан ойдинлик киритилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири