6 ойда хорижий инвестициялар ҳажми 33,4 фоизга ошди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, депутатлар давлатимиз раҳбари раислигида Аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда илгари сурилган ташаббуслар ҳақида фикр юритди.
Таъкидланганидек, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳамда одамларни барқарор даромад манбаига боғлаш бўйича белгилаб берилган аниқ вазифалар аҳолимизнинг турмуш тарзини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, бўш турган корхоналар ва давлат активларини ишга тушириш, хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш, эҳтиёжманд оила фарзандларини таълимга жалб этиш, аёллар учун бола парваришига қулай шароит яратиш каби чоралар ҳам ана шу мақсад рўёбига хизмат қилиши қайд этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, жаҳон иқтисодиётида глобал хатарлар, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар ва ноаниқликлар кучайиб бораётган бир шароитда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда. Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадлари 16,6 фоизга ошиб, 618,3 трлн сўмни, пул ўтказмалари 9,3 млрд долларни, иқтисодиётга кредит қўйилмалари эса 702,9 трлн сўмни ташкил этди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 33,4 фоизга ошиб, 12,4 млрд долларга етди. Ташқи савдо айланмаси 41 млрд долларга, олтинсиз экспорт 14,4 млрд долларга етди. Айниқса, хизматлар экспорти 36,2 фоизга ошиб, 6,1 млрд долларни ташкил этгани мамлакатимизнинг хизматлар соҳасидаги салоҳияти тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ўтган ярим йилликда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 637,2 трлн сўмни ташкил этди. Қайта тикланувчи электр манбалари ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқариш 20,1 фоизга ошиб, 10,1 млрд кВт соатга етди ва унинг умумий тармоқдаги улуши 22,1 фоизни ташкил қилди.
Хизматлар соҳасида 251,8 трлн сўмлик чакана савдо айланмаси қайд этилди. Мамлакатга 6,6 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, транспорт хизматлари ҳажми 103,9 трлн сўмга етди. Қишлоқ хўжалигида 271 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қурилиш ишлари ҳажми 192 трлн сўмни ташкил этди.
Шунингдек, биринчи ярим йилда Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,8 фоизга ошди. Бюджет харажатлари 205,6 трлн сўмни, ижтимоий харажатлар эса 105,8 трлн сўмни ташкил қилди.
Муҳокамаларда депутатлар бюджет самарадорлигини ошириш, маблағлардан оқилона фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА