Қашқадарё ёшлари: билим, иқтидор ва катта имкониятлар сари
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашувида ёшлар таълими, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва замонавий касбларга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас. Чунки ҳудуднинг эртанги тараққиёти, янги иш ўринлари ва аҳоли фаровонлиги, аввало, билимли ва малакали ёшларга боғлиқ.
Қашқадарёнинг бойлиги фақат табиий ресурслари ва иқтисодий имкониятлари билан белгиланмайди. Унинг энг катта бойлиги билим олишга интилувчи, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшларидир. Бугун уларга сифатли таълим бериш эртанги кунга сармоя киритиш демакдир. Зеро, билимли ёш янги технологияларни яратиши, замонавий корхоналарда ишлаши, тадбиркорликни йўлга қўйиши ёки илм-фанда катта натижаларга эришиши мумкин.

Вилоят ёшларининг ютуқлари бунинг яққол далилидир. Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларининг Cambridge имтиҳонларида 98 фоиз натижа кўрсатгани, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг “Заковат” интеллектуал турнирида ғолиб бўлгани ёшларимиз салоҳиятини намоён этмоқда. Косонлик ўқувчи Муроджон Ҳалимовнинг SAT имтиҳонида энг юқори – 1600 балл тўплагани ҳам эътиборга лойиқ. Бу каби натижалар Қашқадарё ёшлари дунёнинг нуфузли университетларида ўқиш ва халқаро майдонда ўз билимини намоён этиш имкониятига эга эканини кўрсатади.
Энг муҳими, бундай имкониятлар айрим мактаблар ёки иқтидорли ўқувчилар билан чекланиб қолмаслиги керак. Ҳар бир туман ва маҳаллада қобилиятли болалар бор. Уларни ўз вақтида аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожланиши учун шароит яратиш зарур. Айниқса, олис қишлоқлардаги ва моддий имкониятлари чекланган оилалардаги иқтидорли ёшлар учун тенг имкониятлар яратиш муҳим. Бунда ёшнинг қаерда яшаши эмас, балки билими, интилиши ва салоҳияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши лозим.
Бугунги меҳнат бозори ёшлардан нафақат диплом, балки амалий билим ва замонавий кўникмаларни ҳам талаб қилмоқда. Хорижий тилларни билиш, рақамли технологияларни ўзлаштириш ва мустақил фикрлаш уларнинг имкониятларини кенгайтиради. Қашқадарёда газ-кимё саноати, энергетика ва қишлоқ хўжалиги ривожланаётгани малакали муҳандислар, технологлар, дастурчилар, агрономлар ва бошқа мутахассисларга эҳтиёжни оширмоқда. Демак, таълимни иқтисодиёт талаблари билан уйғунлаштириш ҳам муҳим вазифадир.
Шу нуқтаи назардан, Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникуми тажрибаси эътиборга молик. Германияда малака оширган 32 нафар устанинг вилоятдаги 57 та техникум педагогларига ўз тажрибасини етказаётгани касбий таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Ҳар йили 10-11 синфларнинг 2,5 минг нафар ўқувчисига касб ўргатилиши, Германиялик ўқитувчиларнинг 1,5 минг нафар ёшга немис тили ва касбий кўникмаларни ўргатиши ҳам истиқболли ташаббусдир.
Ёшларнинг халқаро ютуқларга эришиши учун иқтидорнинг ўзи етарли эмас. Малакали устозлар, замонавий ўқув жиҳозлари, фан тўгараклари ва халқаро имтиҳонларга тайёргарлик имкониятлари ҳам зарур. Мактабларда математика, физика, кимё, информатика ва хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш, олимпиада ва халқаро имтиҳонларга тайёрлаш тизимини кенгайтириш, грантлар ҳамда хорижий университетларга кириш бўйича маслаҳат хизматларини ривожлантириш лозим. Бу жараёнда мактаблар, олий таълим муассасалари, тадбиркорлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.
Ёшларимизнинг хорижда таҳсил олиши, халқаро илмий лойиҳаларда қатнашиши ва илғор тажриба орттириши муҳим. Аммо дунёга чиқиш фақат чет элда ўқиш билан чекланмайди. Бу янги билимларни эгаллаш ва уларни амалиётда қўллай олишдир. Хорижда таҳсил олган ёшлар Қашқадарёга замонавий технологиялар ва янги ғояларни олиб кириб, саноат самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида сувни тежаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва таълим сифатини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин. Шунинг учун ёшларнинг хорижда билим олиши билан бирга, ўз юртида муносиб иш топиши ва салоҳиятини намоён этиши учун ҳам шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Қашқадарёнинг келажаги бугун мактабда таълим олаётган, касб ўрганаётган ва катта мақсадлар сари интилаётган ёшлар қўлида. Бизнинг вазифамиз уларнинг қобилиятини ривожлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва эришган ютуқларини оммалаштиришдир. Бу иш ҳар бир туман, маҳалла ва мактабда изчил давом этиши керак.
Зеро, бугун халқаро имтиҳонда юқори натижа кўрсатган ўқувчи эртага етук мутахассис, олим ёки тадбиркор бўлиб етишиши мумкин. Унинг ютуғи нафақат ўзи ва оиласи, балки бутун вилоят тараққиётига хизмат қилади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА