5 йиллик мажбуриятдан бир кунда халос бўлди
Ота-оналик — бир умрга берилган масъулият. Фарзанд вояга етгунига қадар унинг таъминоти, тарбияси, таълими ва муносиб келажаги учун қайғуриш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Айниқса, оилавий муносабатлар турли сабабларга кўра ўзгарган тақдирда ҳам бу масъулият йўқолмайди. Фарзанднинг эҳтиёжлари, унинг кундалик таъминоти ва келажаги ҳар қандай шахсий келишмовчиликлардан устун туриши керак.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида содир бўлган бир воқеа эса ана шу масъулиятнинг амалий ифодаси бўлди. Вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган ота хорижга чиқиш ҳуқуқига қўйилган чекловни бекор қилиш билан бирга, фарзанди олдидаги мажбуриятини ҳам олдиндан таъминлаш йўлини танлади.
Маълум бўлишича, фуқарога суд қарори асосида белгиланган алимент тўловларини олдиндан амалга ошириш имконияти тушунтирилган. Шундан сўнг у ижрони амалга ошириш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида судга мурожаат қилган. Суд мурожаатни кўриб чиқиб, даъвони қаноатлантирган ва вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 5 йиллик алимент маблағини олдиндан ундиришни белгилаган. Натижада ота ўзининг бир неча йиллик алимент мажбуриятини олдиндан бажарди. Бу эса нафақат унинг хорижга чиқиши билан боғлиқ чеклов масаласини ҳал этишга, балки фарзандининг келгуси йиллардаги таъминотини муайян даражада кафолатлашга хизмат қилди.
Алиментни баъзан оддий молиявий мажбурият сифатида қабул қилишади. Аслида эса унинг замирида жуда катта ҳаётий маъно бор.
Бола учун алимент — кундалик эҳтиёжлар, кийим-кечак, озиқ-овқат, таълим, тиббий хизмат ва бошқа зарур харажатларни қоплашга хизмат қиладиган маблағ. Демак, алимент ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши фарзанднинг муносиб ҳаёт кечириши учун муҳим омиллардан биридир. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур ҳолатни фақат “5 йиллик алимент олдиндан тўланди”, деган хабар доирасида баҳолаб бўлмайди.
Бу — ота ўз фарзанди олдидаги масъулиятини олдиндан ҳис қилгани ва унинг манфаатини таъминлашга ҳаракат қилгани билан аҳамиятли. Зеро, фарзанднинг эртанги кунини бугундан ўйлаш — ота-оналик масъулиятининг энг муҳим кўринишларидан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири