5 ташаббус: спорт ёшларни бирлаштиради
Умумтаълим мактабларида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича Президентнинг 5 та муҳим ташаббуси илгари сурилган эди.
Умумтаълим мактабларида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича Президентнинг 5 та муҳим ташаббуси илгари сурилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамкорлигида ташаббусларнинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида бу борадаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Иккинчи йўналиш доирасида “Қувноқ стартлар”, “Спорт доим ютади” мусобақаси, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш, машҳур спортчилар билан мактаб ўқувчиларининг учрашувларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мусобақа 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида мамлакат миқёсида барча туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактабларида ўтказилган эди. Якуний босқич барча ҳудудларда жорий йилнинг март ойида ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, 5 та муҳим ташаббус амалиёти жорий этилган 42 туман ва шаҳардаги 183 умумтаълим муассасасида 2019 йил октябрь ойида ноанъанавий тарзда 5-8-синф ўқувчилари ўртасида “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси ўтказилди. Ушбу мусобақаларга жами 122 минг 74 ўқувчи (61195 қиз) жалб этилиб, 1 минг 806 нафари ғолибликни қўлга киритди.
Маълум қилинишича, жисмоний тарбия ва спортни янада оммавийлаштириш мақсадида жорий йилнинг февраль-март ойларида “5 ташаббус Наврўзда” фестивалини ўтказиш белгиланган. Ушбу фестиваль доирасида “Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари ўтказилиши кўзда тутилган.
“Спорт доим ютади” мусобақаси чекиш, алкоголь маҳсулотлари ва гиёҳвандлик моддаларининг истеъмол қилинишига қарши курашиш мақсадида спортнинг футбол, шахмат-шашка, баскетбол, стол тенниси, армрестлинг турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ўтказишга қаратилган. “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш” лойиҳасида спорт ва пиёда саёҳатлар, марафонлар ташкил этилади.
“Машҳур спортчилар билан мактаб ўқувчиларининг учрашувларини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари ҳамда маҳалла ёшларининг спортга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мақсадида юқори натижага эришган спортчилар мактабларга таклиф этилди. Маҳаллаларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.

Умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларида соат 16:00 дан 21:00 га қадар, шунингдек, дам олиш кунлари эса эрталабдан кечга қадар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ва маҳалла аҳолиси мазкур спорт иншоотларида шуғулланмоқда.
Бундан ташқари, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, кашандалик каби иллатларнинг олдини олишга, шунингдек, аҳолининг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга қаратилган “Ҳоким кубоги” акцияси, “Ёшлар марафони”, ҳафталик спорт мусобақалари каби тадбирларни ўтказиш йўлга қўйилди.
Ёшлар, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мақсадида маҳалла, қишлоқ, истироҳат боғлари, корхона ҳамда муассасаларда эрталабки оммавий спорт машғулотлари ўтказиб келинмоқда.