5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит ажратилади
Ўзбекистонда барқарор иш ўринларини яратиш, кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 11 сентябрдаги “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан бу борада туман ва шаҳар даражасидаги имкониятлар кенгайтирилди.
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири — тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда қарор қабул қилиш ваколатларининг ҳудудларга яқинлаштирилиши. Энди туман ва шаҳарларда ташкил этиладиган штаблар маҳаллий шароит, аҳолининг эҳтиёжи ва лойиҳалар хусусиятидан келиб чиқиб, молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини белгилайди.
Фармон билан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача гаров таъминотисиз кредит ажратишга рухсат берилди. Бунда кредит миқдори жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 миллион сўм ҳисобида белгиланади. Масалан, тадбиркор 100 та ижтимоий реестрдаги оилани кооперацияга жалб қилса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиш имконияти пайдо бўлади. Бу механизмнинг муҳим жиҳати шундаки, молиявий ресурс фақат тадбиркорнинг ўз бизнесини кенгайтиришга эмас, балки даромад манбаига муҳтож оилаларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларига жалб этишга йўналтирилади.
Яъни, кредит — тадбиркор учун молиявий ресурс, ижтимоий реестрдаги оила учун эса барқарор даромад манбасини яратиш воситаси бўлади. Яна бир муҳим янгилик — оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурлари доирасидаги имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман ва шаҳар штабларига ўтказилади.
Штаблар маҳаллий шароит ва лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш йўналиши ва миқдорини, кредитнинг нақд ёки нақдсиз шаклини, муддатини, имтиёзли даврини, тўлов графигини, мустақил белгилаши мумкин. Шунингдек, асосли ҳолларда кредит муддати ёки тўлов графигини қайта кўриб чиқиш ва узайтириш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли учун махсус шартларни белгилаш имконияти ҳам берилади.
Бунинг аҳамияти шундаки, бир ҳудудда самарали бўлган бизнес модели бошқа ҳудудда худди шундай натижа бермаслиги мумкин. Масалан, қишлоқ жойларда чорвачилик, паррандачилик ёки қайта ишлаш лойиҳалари устувор бўлса, шаҳарларда хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ёки кичик ишлаб чиқаришга талаб юқори бўлиши мумкин. Шу боис кредит шартларини маҳаллий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш молиявий ресурсларни мақсадли йўналтириш имконини оширади.
2026 йил 1 октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун яна бир янги механизм ишга туширилади. Унга кўра, туман ва шаҳар штаби қарори асосида тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисми “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилинади. Муҳими, компенсация олишда кредит тарихи, тадбиркорнинг тоифаси, барқарорлик рейтинги каби қўшимча талабларни жорий этишга йўл қўйилмайди.
Бироқ бир молиялаштириш бўйича бир хил фоиз харажатларини икки марта компенсация қилишга рухсат берилмайди. Фармон фақат тадбиркорликни молиялаштириш билан чекланмайди. “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинади, бироқ улар маблағларини тасарруф этиш ва ушбу маблағлар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ҳамда хизматларни ташкил этиш ваколати туман ва шаҳар штабларига ўтказилади. 2027 йил 1 январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга эҳтиёжини баҳолашда янги ёндашув жорий этилади.
Бунда фақат оиланинг молиявий ҳолати эмас, балки оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болалилиги, бошқа ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам ҳисобга олинади. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими асосида баҳоланиб, натижага кўра тегишли тоифаларга ажратилади. Бу эса ижтимоий ёрдамни эҳтиёж даражасига қараб манзилли тақдим этиш имконини кенгайтиради.
Фармонда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизлар учун ҳам муҳим ижтимоий кафолат белгиланди. 2027 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақасини тўлаш тартиби жорий этилади. Бу механизм ишловчи оналарнинг бола парвариши давридаги ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Фармон билан “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар учун ҳам қўшимча молиявий имкониятлар яратилмоқда. Уларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида, 2026 йилда 100 миллиард сўм, 2027 йилда — 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредитлар ажратилади. Бу маблағлар оилаларни фақат ижтимоий ёрдам олувчи субъект сифатида эмас, балки ўз даромадини шакллантирувчи иқтисодий фаол иштирокчига айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Фармондаги янгиликларни бир нуқтада бирлаштирадиган асосий ғоя — аҳолини фақат ижтимоий қўллаб-қувватлаш эмас, балки улар учун барқарор даромад манбалари яратиш кўзда тутилган. 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит, имтиёзли кредит шартларини ҳудуднинг ўзи белгилаши, кредит фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш ва ижтимоий реестрдаги оилаларга фоизсиз кредитлар ажратилиши шу мақсадга хизмат қилади.
Эндиликда туман ва шаҳар штаблари олдида нафақат маблағни тақсимлаш, балки қайси лойиҳа қанча иш ўрни яратиши, қанча оилани даромадли меҳнатга жалб қилиши ва ажратилган маблағ қандай иқтисодий натижа беришини таъминлаш вазифаси ҳам туради. Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармоннинг амалий аҳамияти молиявий ресурсларни ҳудудларга етказиш билангина эмас, балки уларни янги иш ўринлари, оилавий даромад ва барқарор бизнесга айлантириш механизмини яратиши кўзда тутилган.
Аслида, бу фармоннинг энг катта қиймати ажратиладиган кредит миқдорида эмас, кредит ортидан келадиган имкониятда. Агар 5 миллиард сўмлик гаровсиз молиялаштириш ўнлаб оилаларни иш билан таъминласа, фоизсиз кредитлар янги оилавий бизнесларни вужудга келтирса, штаблар қабул қилган қарорлар ҳудудда янги иқтисодий фаолликни шакллантирса — ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси ана шунда намоён бўлади.
Шунинг учун энди мезон ҳам ўзгаради. Кредит берилгани — натижа эмас, кредит эвазига яратилган иш ўрни ва ошган оилавий даромад ҳисобга олинади. Ушбу Фармоннинг бош мақсади ҳам аҳолига шунчаки ёрдам бериш эмас, балки инсоннинг ўз меҳнати билан барқарор даромад топиши учун шароит яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА