40 миллиард сўмлик ноқонуний тамаки айланмасига чек қўйилди
Пойтахтимизда “Никотин муқобилларини тартибга солишнинг долзарблиги: жамоат саломатлиги ва иқтисодиёт манфаатлари мувозанати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда никотин маҳсулотларини тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, ноқонуний бозор улуши, шунингдек, жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда хавф-хатарга асосланган ёндашувни қўллаётган давлатларнинг илғор тажрибалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида иштирокчилар мамлакатимизда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида маълумот берди.
-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика божхона органлари томонидан аниқланган 320 та контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 40,7 миллиард сўмлик, 2,3 миллион қутидан зиёд тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган, - дейди Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси, ахборот сиёсати масалалари бўйича масъул Ҳ.Тангриев. - Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.

Шу билан бирга, Ташқи савдо божхона статистикаси бошқармаси маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотларининг қонуний импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46 фоизга ошган. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат бозорда қонуний айланма улуши ортиб бораётганини англатади.
Йиғилиш иштирокчилари ноқонуний айланма ва яширин бозор туфайли юзага келаётган иқтисодий йўқотишлар, давлат бюджетига етказилаётган зарар ҳамда соҳани янада шаффоф ва самарали тартибга солиш механизмларига алоҳида эътибор қаратди.

Давра суҳбати якунларига кўра, Ўзбекистонда никотин муқобилларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусида экспертлар муҳокамасига киритишга келишиб олинди.

Ш.Маматуропова, ЎзА