Экологик хавфсизлик йўлида муҳим қадам
Қозоғистонда ўтказилган Уран мероси объектлари бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ — CGULSнинг йиллик йиғилиши Марказий Осиёда экологик хавфсизлик ва радиацион мерос объектларини самарали бошқариш масалалари муҳокамаси учун муҳим халқаро майдонга айланди.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижаларни тақдим этди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари, МАГАТЭ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари қатнашди.
Йиғилиш давомида уран мероси объектларини реабилитация қилиш ишларининг натижалари, уларни реабилитациядан кейинги узоқ муддатли бошқариш тизимини такомиллаштириш, объектлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вакиллари Ўзбекистонда уран мероси объектларини реабилитация қилиш ва уларни постреабилитацион бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилди. Унда “Янгиобод” ҳамда “Чоркесар-2” объектларида бажарилган ишлар, радиацион ва экологик мониторингни изчил давом эттириш, муҳандислик иншоотларига техник хизмат кўрсатиш, маълумотларни тизимли сақлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатимизда мазкур объектларни бошқаришда вақтинчалик лойиҳалар асосидаги ёндашувдан доимий давлат бошқаруви тизимига босқичма-босқич ўтиш жараёни давом этаётгани таъкидланди. Бу эса давлат мувофиқлаштирувчиси сифатида Агентлик ваколатларини кучайтириш, ихтисослаштирилган оператор фаолиятини йўлга қўйиш ва назорат органларининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилиш иштирокчилари Германия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва бошқа мамлакатларнинг постреабилитацион бошқарув, мониторинг, техник хизмат кўрсатиш ва институционал салоҳиятни ривожлантириш бўйича илғор тажрибалари билан ҳам танишди.
Тадбир доирасида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳалари асосида маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур йиғилиш натижалари уран мероси объектларининг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон эса бу борада халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда экологик хавфсизликни таъминлаш йўлида изчил ишларни давом эттирмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА