4 апрель – Сенегал Республикасининг Мустақиллик куни
Сенегалнинг 2 апрель куни лавозимга киришган янги Президенти Бассиру Диомай Фай Мустақиллик куни муносабати билан халққа мурожаат қилди. У мамлакатдаги юқори нархга қарши кураш чора кўришга ваъда берди.
Бассиру Диомай Фай таъкидлашича, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувдан сўнг тадбирлар белгиланади.
– Сенегалликлар жасур, лекин улар чарчаган ва биздан ортиқча харажатга қарши курашиш учун ечим кутмоқда, – дея давлат раҳбари сўзларидан иқтибос келтирган мамлакат матбуот агентлиги – Agence de presse Senegalaise. – Яшаш нархи масаласи мени алоҳида ташвишга солиб, эътиборимни тортмоқда.
Диомай Фай “иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш” ниятида эканини таъкидлади.
Ғарбий Африкада жойлашган Сенегал Республикаси пойтахти – Дакар шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 10 вилоятгa бўлинган. Расмий тили – француз тили бўлиб, аҳолининг 90 фоизи турли даражада шу тилда сўзлашади, араб тили эса миллий тил мақомига эга.

Амалдаги конституцияси 2001 йил 7 январда маъқулланган. Давлат бошлиғи – Президент умумий тўғри яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади, бир марта қайта сайланиши ҳам мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият, яъни парламент – Миллат мажлис деб аталади.Ижро ҳокимияти Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат ҳисобланади.
Таълим
Сенегал таълим тизими француз услубида ташкил этилган. Мамлакатдаги илк бошланғич мактаб 1816 йил, дастлабки коллеж эса 1843 йил очилган. Мустақиллик эълон қилинган пайт аҳолининг 95 фоизи саводсиз эди. 1963 йил 6 ёшдан 12 ёшгача болалар жалб қилинадиган мажбурий бошланғич таълим тўғрисида қонун қабул қилинди.
Бошланғич мактаб 6 йиллик. ўрта мактабда ўқиш 7 йил: 4 йил тўлиқсиз ўрта (коллеж) ва 3 йил тўлиқ ўрта (лицей). Ҳунар-техника таълими бошланғич мактаб негизидаги ҳунар мактаби (3 йил), техника коллежи (4 йил) ва техника лицейи (7 йил)да амалга оширилади.
Олий таълим тизимида Дакар, Шайх Анта Диоп, Гастон Бергер, Бамби, Зигинчор, Соҳил университетлариўқув натижаси бўйича университетлар рейтингида юқори ўринни эгаллайди. Бу таълим масканларида ўқиш муддати 4-6 йил. Олий коллежлардан Дакарда ветеринария тиббиёт мактаби, миллий маъмурий мактаб, Тиесда политехника мактаби ва бошқалар бор.
Кутубхоналар
Сенегал кутубхоналари бой қадимий қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар билан аҳоли ва меҳмонларни ўзига жалб қилади. Дакардаги мамлакат архиви кутубхонаси 1913 йил ташкил топган, Қора Африка фундаментал инстити (1938), Университет (1952), Тиесда Политехника мактаби кутубхоналари мавжуд.
Музейлар
Тарих тилсимоти, қадриятлар бешиги ҳисобланмиш Сенегал музейларидан Дакарда Африка санъати музейи 1936 йил ташкил этилган. Шунингдек, Қора Африка Фундаментал институти музейи, Горда Тарих музейи ва Денгиз музейи сенегалликлар ва сайёҳларга аждодлардан мерос бойликни келажак авлодга етказадиган илмий, маънавий-маърифий хазина сифатида узоқ тарих саҳифаларидан сўзловчи бебаҳо китоб вазифасини ҳам ўтайди.
Сенегалдаги илмий муассасаларнинг кўпи Дакар университети таркибига киради, энг йириги Қора Африка Фундаментал институти. Бундан ташқари, Миллий архив (1913), Миллий санъат институти (1972), Фан-техника тадқиқотлари бюроси, Қишлоқ хўжалиги институти (1974)ўнлаб илмий марказ ва лабораториялар билан бирга, Пастер институти (1896), Африка минтақавий технология маркази (1977), Африка иқтисодиётни ривожлантириш ва режалаш муаммолари институти (1963), Тропик ўрмонни ўрганиш маркази (1966) ва бошқа илмий жамиятлар мамлакат тараққиёти йўлида анча фаол.
Сенегал ОАВ ҳақида гап кетганда, радиоэшиттириш ва телекўрсатув бошқармаси – ҳукумат маҳкамаси 1972 йил тузилганини қайд этиш мумкин.
Ҳукуматга қарашли ҳафталик расмий хабарнома 1856 йилдан нашр этилади. “Le soleil” – “Қуёш” кундалик умуммиллий газетаси, “Сенегал Республикасининг расмий газетаси” – Journal officiel de la République du Sénégal, “Меҳнаткаш” – “Ouvrier” ойлик газетаси, 3 ойда бир марта чиқадиган “Чорраҳа” – “Carrefour” газетаси, “Сиёсатчи” 3 ойда бир марта чиқадиган “Politicien” ойлик ҳажвий газетаси, “Африка бирлиги” – “Unité africaine” ойлик газетаси, “Африка” ойлик журнали, “Тадқиқот” – “Recherche” 2 ойда бир марта чиқадиган назарий журнал, шунингдек ойлик ижтимоий-сиёсий ва адабий журналлар, электрон нашрлар мавжуд.
“Agence de presse sénégalaise” – АПС Сенегалнинг миллий оммавий матбуот агентлиги бўлиб, 1959 йил ташкил этилган. Вазифаси ахборотни веб-сайт орқали тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатиш. Тузилма мамлакатда глобал матбуот агентликлари томонидан тарқатилган маълумотларни узатиш бўйича монополия эгаси ҳисобланади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА