3D-босма технологиялари саноатни қандай ўзгартиради?
“Ўзатом” агентлигида Ўзбекистон саноат корхоналари учун аддитив технологиялар (3D-босма)ни жорий этишга бағишланган ихтисослаштирилган семинар бўлиб ўтди.
“Росатом-Халқаро тармоқ” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом”нинг ёқилғи дивизиони мутахассислари аддитив технологияларни саноатга жорий этишнинг замонавий ечимлари ва амалий тажрибаси юзасидан тақдимотлар ўтказди.

Семинарда автомобилсозлик, кимё саноати ва кончилик соҳаларида фаолият юритувчи 30 га яқин етакчи компания вакиллари қатнашди. Уларга аддитив технологияларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, мураккаб деталларни 3D-босма орқали тайёрлаш, симни электр ёйи ёрдамида эритиб қоплаш, тўғридан-тўғри лазерли ўстириш ҳамда тескари муҳандислик усулларини қўллаш бўйича амалий имкониятлар тақдим этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда ихтисослаштирилган Аддитив технологиялар марказини ташкил этиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, мазкур марказ саноат корхоналарида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда тармоқнинг рақамли трансформациясига катта имконият очади.

Мутахассислар қайд этганидек, бугунги кунда аддитив технологиялар жаҳон саноатида прототиплар яратиш босқичидан серияли ишлаб чиқаришга тобора кенг жорий этилмоқда. Бу йўналишни Ўзбекистонда ривожлантириш эса юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакат саноатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда янада аҳамиятлидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА