350 нафар хотин-қиз ишли бўлди
Наврўз байрами арафасида “Indenim” масъулияти чекланган жамияти Сурхондарё вилояти аҳолиси ва меҳмонлар учун ажойиб совға туҳфа этди.
Наврўз байрами арафасида “Indenim” масъулияти чекланган жамияти Сурхондарё вилояти аҳолиси ва меҳмонлар учун ажойиб совға туҳфа этди. Термиз шаҳрида тўрт қаватли замонавий кўнгилочар савдо марказини фойдаланишга топширди.
Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудларида 17 та “Indenim” кийим-кечак маркази аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Термиз шаҳрида бунёд этилган янги марказ улардан тубдан фарқ қилади. Муҳташам бинонинг биринчи қаватида мижозлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший техника воситаларини харид қилиши мумкин. Иккинчи қаватда “Indenim” бренди асосида Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамиятида болалар ва катталар учун ишлаб чиқарилган кийим маҳсулотлари, учинчи қаватда хорижнинг энг сара кийим брендлари жой олган. Шунингдек, миллий таомлар ресторани барпо этилган. Тўртинчи қаватда болалар учун ўйингоҳ, боулинг ҳамда фаст-фуд қурилиб, замонавий усулда жиҳозланган. Экскалатор ва лифтлар ўрнатилган.
Янги марказнинг ишга туширилиши билан Термиз шаҳрида истиқомат қилаётган тўрт юзга яқин киши доимий иш билан таъминланди. Уларнинг 350 нафари хотин-қизлардир.

– Ўтган йили коллежни тугатиб, ўзимга муносиб иш излаётган эдим, – дейди Термиз шаҳридаги Каттабоғ маҳалласида яшайдиган Шаҳризода Отамуродова. Янги марказга ишга қабул қилишаётганини эшитиб, бу ерга келдим. Дид билан қурилиб, жиҳозланган бино ва яратилган шароитлар менга манзур бўлди. Иккинчи қаватга сотувчи бўлиб ишга кирдим. Мана шундай кенг, ёруғ ва кўркам замонавий савдо марказида халқимизга сифатли хизмат кўрсатишдан фахрланаман. Яқин орада мижозларга онлайн хизмат кўрсатишни ҳам бошлаймиз.
Маълумотларга кўра, “Indenim” масъулияти чекланган жамиятининг Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” тикувчилик корхонаси ва мамлакатимиз ҳудудларидаги кийим-кечак марказлари ҳамда Термиз шаҳрида қад ростлаган кўнгилочар савдо марказида 5 минг киши меҳнат қилмоқда.
Қурилиш дизайни, жиҳозланиши ва кўркамлиги билан ҳозирча воҳада ягона бўлган муҳташам кўнгилочар савдо марказининг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.