35 йиллик тўйга — 35 китоб
Янгиер шаҳридаги Абдуқул Маматов ва Бону Маматова хонадони бугун нафақат маҳалла, балки бутун ҳудуд аҳли учун ўзига хос маънавият масканига айланган. Бу хонадон оддий уй-жой эмас, балки тарих ва маърифат уйғунлашган, нодир осори-атиқалар, қадимий қўлёзмалар ва минглаб китоблар жамланган ҳақиқий уй-музейдир.
Маматовлар хонадонида XVI–XVIII асрларга оид тарихий буюмлар, нодир қўлёзма манбалар ҳамда ўзбек, тожик, форс ва рус тилларидаги 3000 дан зиёд китоб сақланади. Масканга ташриф буюрганлар нафақат тарихий экспонатлар билан танишиши, балки китоб мутолаа қилишлари мумкин. Яқинда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур уй-музейда бўлиб, маскан қошидаги кутубхона фондини бойитиш мақсадида 500 та китоб совға қилди. Бу эзгу ташаббус китобга, илм-маърифатга ва миллий меросга бўлган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Ушбу ташаббусдан илҳомланган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими аъзолари ҳам «35 йиллик тўйга — 35 китоб» лойиҳасини бошлаб юборишди. Унинг асосий мақсади — мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан китоб совға қилиш орқали кутубхона фондини бойитиш, китобхонлик муҳитини кенгайтириш ва ёшларни мутолаага янада кўпроқ жалб этишдан иборат.

Хайрли ташаббус доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари — Норинсо Қосимова, Мунаввар Пардаев ва Дилором Исмадиёровалар ўз шахсий кутубхоналари ҳамда муаллифлик асарларидан 35 тадан китобни мазкур масканга туҳфа қилдилар.
— Китоб — инсон маънавиятини бойитадиган, уни фикрлашга, изланишга ва дунёқарашини кенгайтиришга ундайдиган беқиёс манба. Шу маънода «35 йиллик тўйга — 35 китоб» ташаббусини оддий китоб совғаси эмас, балки маърифат ва эзгуликка даъват сифатида қабул қиламиз. Айниқса, тарихий осори-атиқалар ва нодир китоблар жамланган шундай маскан кутубхонасига китоб туҳфа қилиш биз, журналистлар учун ҳам катта маънавий масъулиятдир. Умид қиламизки, бугунги 35 китоб эртага яна юзлаб китобларга, яна кўплаб китобхонларга йўл очади. Зеро, китобга қилинган эзгу иш — келажакка қилинган инвестициядир, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова.

Дарҳақиқат, ҳар бир китоб — ўз ичига бир олам маънони жо этган маънавий хазина. Бугун совға қилинган китоблар эртага ёшларнинг билим ва тафаккурини бойитиши, уларни янги изланишларга ундаши шубҳасиз.

Ташаббуснинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у вилоятдаги бошқа китобсевар журналистлар, зиёлилар ва кенг жамоатчиликни ҳам хайрли ишга чорлайди. Зеро, байрамлар ўтади, саналар тарихга айланади. Аммо эзгу ният билан совға қилинган китоб инсон қўлида қолади, бир ўқувчидан бошқасига ўтиб, маърифат нурини тарқатаверади.
«35 йиллик тўйга — 35 китоб» ташаббуси ана шундай эзгу мақсадни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. Бу — мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб маънавий туҳфа, китобга бўлган эҳтиром ва келажак авлодга қолдирилаётган эзгу меросдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири