«Президент совғаси» — билим томон қўйилган илк қадам учун муносиб туҳфа
Янги ўқув йили остонасида мактабга илк бор қадам қўядиган болажонлар учун зарур ўқув қуролларидан иборат анъанавий «Президент совғаси» тўпламлари Сирдарё вилоятига етказиб берилди. Айни кунларда совғалар таълим муассасаларига белгиланган тартибда тарқатилмоқда.
Жорий ўқув йилида вилоятдаги 314 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 23 та нодавлат таълим ташкилотида 19 минг 490 нафар боланинг биринчи синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Улар учун тайёрланган «Президент совғаси» тўпламлари янги ўқув йилини зарур ўқув қуроллари билан таъминланган ҳолда бошлашга хизмат қилади.
Жорий йилги тўплам 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат.

Совғаларнинг биринчи синф ўқувчилари учун мўлжаллангани, аввало, уларни мактаб ҳаётининг дастлабки кунларидан зарур ўқув воситалари билан таъминлашга қаратилган. Бу, ўз навбатида, ота-оналарнинг фарзандини мактабга тайёрлаш билан боғлиқ харажатларини камайтиришга ҳам кўмаклашади.

— Биринчи синфга қадам қўйиш бола ҳаётидаги муҳим босқичлардан бири. Айнан шу даврда унинг мактаб, устоз ва билим олишга нисбатан дастлабки муносабати шаклланади. Шу маънода, «Президент совғаси» болаларни зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш баробарида, уларнинг янги муҳитга мослашиши ва таълимга қизиқишини оширишга ҳам хизмат қилади, — дейди Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш шўбасининг методисти Гўзал Эрматова .
Айни пайтда таълим муассасаларида тўпламларни қабул қилиш, сақлаш ва биринчи синф ўқувчиларига етказиш билан боғлиқ ишлар давом этмоқда. Республика миқёсида ҳам «Президент совғаси»ни барча ҳудудларга етказиш ва мактабларга тақсимлаш ишлари янги ўқув йили бошланиши арафасида якунланиши белгиланган.

Яқин кунларда мактабларда биринчи қўнғироқ садолари янграйди. Елкасида янги сумка, қўлида ўқув қуроллари билан мактаб остонасидан илк бор қадам қўядиган болажонлар учун бу кун янги билим ва имкониятлар сари йўлнинг бошланиши бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири