35 йил: Марказий Осиё янги босқичда
Марказий Осиё мустақилликнинг 35 йиллигини нишонламоқда. Бу сана фақат тарихий юбилей эмас, балки минтақа босиб ўтган йўлни сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ва олдиндаги вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим палладир. Таҳлиллар кўрсатадики, бугунги Марказий Осиё 1991 йилдаги минтақа эмас, ўз манфаатига эга, ташқи сиёсатда мустақил қарор қабул қила оладиган ва халқаро майдонда тобора фаол иштирок этаётган ҳудуд.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида асосий вазифа давлатчилик барпо этиш эди. Кейинги босқичда иқтисодий мувозанатга эришиш, суверенитетни мустаҳкамлаш ва ташқи сиёсатни ривожлантириш устувор аҳамият касб этди. Сўнгги йилларда эса бутун минтақа учун мутлақо янги жараён – ўзаро яқинлашув ва ҳамкорликни кучайтириш даври бошланди. 2017 йилдан кейин давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви йўлга қўйилиши, чегара масалалари ҳал этилиши ва ташқи ҳамкорлар билан “Марказий Осиё плюс” форматлари шакллантирилиши айнан шундай ўзгаришнинг амалий ифодасидир.
Энг муҳими, 35 йил давомида минтақа ўз давлатчилигини сақлаб қолди. Дунёда парчаланиш, ички қуролли можаролар ва ҳудудий инқирозга юз тутган ҳудудлар кўпайган бир пайт Марказий Осиё давлатлари ҳудудий яхлитлигини йўқотмади. Айни ҳолат мустақил тараққиётнинг беқиёс ютуғи сифатида баҳоланмоқда.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев охирги йилларда минтақада иқтисодий жараён янги суръат олганига эътибор қаратади. 2025 йил умумий савдо қиймати 12,3 миллиард долларга етди. Давлатларимиз энди бу кўрсаткични 20 миллиард долларгача оширишни мақсад қилган.Демак, Марказий Осиё мамлакатлари бир-бири учун муҳим иқтисодий шерикларга айланмоқда.
Минтақадаги энг оғриқли масалалардан бири ҳисобланган чегара муаммоси сезиларли даражада бартараф этилди. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегаралари ҳуқуқий расмийлаштирилиши якунланди. Хўжанд декларацияси ва уч давлат чегараси туташув нуқтаси бўйича имзоланган шартнома кўп йиллик баҳсга ҳуқуқий ечим берди. Шу тариқа нафақат хавфсизлик мустаҳкамланди, балки ишонч муҳити ҳам яхшиланди.
Марказий Осиёнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада ўсди. Ўтган йил Самарқандда илк бор “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”, Вашингтонда эса “Марказий Осиё – АҚШ” саммитлари ўтказилди. Минтақамиз йирик давлатлар ўртасидаги рақобат майдони эмас, балки мустақил стратегик шерик сифатида қабул қилина бошлади.
Тўғри, ҳали муаммолар тўлиқ ҳал этилгани йўқ. Экспорт асосан хом ашёга таяниши, сув ва энергия ресурслари билан боғлиқ қийинчилик, ички бозор чеклангани, меҳнат унумдорлиги пастлиги ҳамда минтақавий институтлар ҳали тўлиқ шаклланмагани келгуси йиллар учун асосий чақириқ сифатида қайд этилган. Шунингдек, Афғонистонни минтақавий инфратузилма ва иқтисодий жараёнга тўлиқ жалб этиш масаласи ҳам долзарб.
35 йиллик тажриба бир ҳақиқатни намоён қилди: Марказий Осиё энди фақат географик тушунча эмас, балки умумий манфаат, ҳамкорлик ва ўзаро ишончга таянган минтақа сифатида шаклланмоқда. Кейинги босқичда сиёсий яқинлашувни иқтисодий ва технологик тараққиёт билан мустаҳкамлаш муҳим.
Марказий Осиёнинг янги қиёфаси: суверенитетдан стратегик ҳамкорликка

Бугунги асосий савол шундай: шаклланган давлатлар қандай қилиб барқарор, рақобатбардош ва таъсирчан минтақа барпо эта олади? Бу саволга жавоб излашда 35 йиллик тажриба муҳим хулоса тақдим этади.
Минтақа мамлакатлари тўлиқ давлатчилик институтларини шакллантиришга эришди. Миллий конституциялар қабул қилинди, давлат бошқаруви ва мустақил суд-ҳуқуқ тизими, миллий валюта, қуролли кучлар, дипломатик хизмат яратилди. Шу жараёнда суверенитет ҳуқуқий тушунчадан амалий бошқарув механизмига ўзгарди.
Давлат чегаралари халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилиши минтақа барқарорлиги муҳим шартига айланди.
Сиёсий мустақиллик борасида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Давлатларда ҳокимият алмашинуви амалга ошди ва аксар ҳолда жараён конституциявий доирада кечди. Конституциявий ислоҳот, парламентаризм, маҳаллий бошқарув ва жамоатчилик назорати институтлари ривожланиши давлат бошқарувини босқичма-босқич такомиллаштиришга хизмат қилди.
Ҳуқуқий соҳада миллий қонунчилик тизими яратилди, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш институтлари шаклланди, маъмурий суд, омбудсман институти ва тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизми жорий этилди. Айрим мамлакатларда ўлим жазоси бекор қилиниши ва жиноят сиёсати инсонийлаштирилиши ҳуқуқий ислоҳотнинг муҳим натижаси сифатида эътироф этилмоқда.
Молиявий мустақилликни таъминлаш йўлида сезиларли ишлар амалга оширилди. Миллий валюталар мустаҳкамланди, марказий банклар шаклланди, валюта бозори либераллаштирилди ва халқаро капитал бозорига чиқиш имкони кенгайди. Хусусан, Ўзбекистонда 2017 йил валюта сиёсати либераллаштирилиши инвестиция муҳитида муҳим бурилиш ясади.
Маданий-маънавий соҳада миллий ўзликни англаш жараёни янги босқичга кўтарилди. Давлат тилларининг мавқеи мустаҳкамланди, тарихий мерос объектлари тикланди, Самарқанд, Бухоро, Хива, Туркистон, Марв ва бошқа қадимий шаҳарлар халқаро миқёсда янада кенг танилди. Шу билан бирга Ислом цивилизацияси меросини ўрганишга ихтисослашган илмий марказлар ташкил этилди. Гуманитар дипломатия ташқи сиёсатнинг муҳим воситасига айланди.
Табиийки, минтақа эришилган ютуқлар билан кифояланиш ниятида эмас. Барча давлатлар келгуси ўн йиллик учун устувор вазифаларни аниқ белгилаб олган. Бу жараёнда технология мустақиллигини кучайтириш, иқтисодиётнинг экспорт таркибини диверсификация қилиш, миллий илмий мактабларни ривожлантириш, рақамли трансформацияга ҳуқуқий асос яратиш ва давлат бошқарувида таҳлилий салоҳиятни ошириш масалалари устувор.
Хуллас, Марказий Осиё давлатлари мустақилликни сақлаб қолиш босқичидан ўтиб бўлди. Энди асосий вазифа мавжуд салоҳиятни иқтисодий ўсиш, технология тараққиёти ва кучли минтақавий ҳамкорликка айлантиришдир. Шундагина минтақа Евросиё маконидаги асосий ривожланиш марказларидан бирига айланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА