35 нафар битирувчи муддатидан аввал талаба бўлди
Гулистон тумани ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган 35 нафар битирувчининг ҳаммаси муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлишга муваффақ бўлди. Бу натижа таълим муассасасида йўлга қўйилган тизимли иш, ўқувчиларнинг изчил меҳнати ҳамда устоз-мураббийларнинг самарали таълим-тарбияси самараси сифатида қайд этилмоқда.
Таъкидланишича, ўқувчилар танлаган йўналишлари бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сертификатларини ҳам муваффақиятли қўлга киритган.
Энг юқори натижаларни қайд этган иқтидорли битирувчилар орасида Фотимаизаҳро Ҳабибуллаева, Суҳробжон Остонақулов, Диёрбек Равшанбеков, Заҳрохон Ортиғалиева, Севинч Қулбоева, Мирзиё Норқулов, Азамат Абдураимов, Озодбек Жўрақулов, Мирзиё Мирёқубов ва Шамшод Шодиёров 189 балл билан энг юқори кўрсаткични қайд этди. Қолган битирувчилар ҳам юқори натижаларга эришиб, максимал кўрсаткичга яқин балл тўплади.
– Бу натижа, аввало, ўқувчиларимизнинг изчил меҳнати, билимга бўлган интилиши ҳамда устозларимизнинг фидойи меҳнатининг самарасидир. Барча 35 нафар битирувчининг муддатидан олдин талабаликка эришгани биз учун катта фахр, – дейди Гулистон тумани ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Ғолибжон Бозоров.
Мутахассислар фикрича, ушбу натижа таълим муассасасида ўқув жараёни самарадорлиги юқори эканини, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизими изчил йўлга қўйилганини яққол намоён этмоқда.
Маълумот ўрнида: ўтган 2024–2025-ўқув йилида Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 37 нафар битирувчисининг барчаси мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинган эди. Уларнинг 19 нафари давлат гранти, 18 нафари эса тўлов-шартнома асосида талабаликка эришган.
Бу натижалар мазкур таълим муассасасида таълим сифати барқарор юксалиб бораётгани ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилганини тасдиқлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири