301 нафар спортчи Сирдарё шарафини ҳимоя қилади
Сирдарё вилоятидан 21 та спорт тури бўйича 301 нафар ёш спортчи Президент олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мусобақа олдидан спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан учрашув ўтказилиб, тайёргарлик жараёни ҳамда олдинда турган вазифалар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ва спорт бошқармаси ташаббуси билан Вилоят ёшлар марказида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев ва вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов иштирок этди.

Мулоқотда ёшлар спортини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг юқори натижаларга эришиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди. Сирдарё вилоятида спорт мактаблари фаолияти йўлга қўйилиб, замонавий спорт иншоотлари барпо этилгани, зарур анжомлар ва малакали мураббийлар билан таъминлашга эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев спортчиларни мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга, машғулотларга масъулият билан ёндашиб, олдига юксак мақсадлар қўйишга чақирди.
— Бугун вилоятимизда спорт билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилган. Эндиги вазифамиз — бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, натижаларимизни янада юксалтириш. Президент олимпиадасида иқтидорли ёшлар ўз маҳоратини намоён этиши, имкониятларини синаши ва катта спорт сари дадил қадам ташлаши учун муҳим майдон. Бунинг учун мунтазам меҳнат, қатъият ва интизом зарур. Спортчиларимиздан юқори натижалар кутиб қоламиз, — деди вилоят ҳокими ўринбосари.

Президент олимпиадасида ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мусобақа келгусида мамлакатимиз шарафини республика ва халқаро майдонларда ҳимоя қиладиган спортчиларни тайёрлаш, ёшларда соғлом рақобат ва ғалабага интилиш руҳини шакллантиришга хизмат қилади.

Учрашув давомида спортчиларнинг тайёргарлиги ва келгуси режалари муҳокама қилиниб, ёшлар ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчиларга Сирдарё вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим этилган спорт формалари ҳам топширилди.

Тадбир якунида спортчиларга омад тилаб, республика босқичида юқори натижаларга эришишларига ишонч билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири