3 та туманни боғловчи кўприк бунёд этилди
Aйни кунларда бутун республикамиз бўйлаб инсон қадрини улуғлаш, аҳолини яшаш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада Пайариқ туманининг олис ҳудудларидан бўлган “Накурт” маҳалласида ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. “Накурт” маҳалласида 14 та қишлоқ мавжуд бўлиб, 5 та мактаб, 1 та оилавий врачлик пункти ва оилавий мактабгача таълим ташкилотлари олти мингдан зиёд аҳолига хизмат қилиб келмоқда.


Бугунги кунгача маҳалланинг ички кўчаларига 12 километрлик тош ётқизиш ишлари амалга оширилди. Aсосийси, аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган кўприк муаммоси ижобий ечим топди.
Ҳар йилги ёғингарчилик мавсумида “Накуртсой”да сувнинг кўпайиши натижасида мактаб ўқувчилари, аҳоли ва автомобиль қатновида муаммолар юзага келган. “Чалақарға” қишлоғидан ўтувчи ишбу сойда бугунги кунда кўприк қуриш ишлари якунланиш арафасида.


Маҳалла раисининг берган маълумотига кўра, мазкур кўприк “Накурт” маҳалласининг “Лолаҳовуз” қишоғи, Қўшработ туманининг Зармитан ва Жиззах вилоятининг Фориш туманларини боғловчи асосий йўл бўлиб хизмат қилади. Aйни пайтда “Лолаҳовуз” қишлоғига борувчи 5 км ички йўлни шағаллаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

ЎзА