3 ноябрь – Панама мустақиллиги куни
Ўзбекистон дипломатик муносабат ўрнатган 138-мамлакат – Панама Марказий ва Жанубий Америка туташган манзилда, Атлантика ва Тинч океанлари оралиғида жойлашган, муҳим юк ташиш йўлини таъминлайдиган мамлакат.
Бундан 120 йил аввал 1903 йил 3 ноябрда Колумбиядан ажралиб, мустақиллигини эълон қилган Панама Республикаси президентлик бошқарув шакли, унитар ҳукумат ва демократик сиёсий режимга эга давлат. Давлат номи “кўп балиқ бор жой” маъносини англатади. Бу атама дастлаб Панама шарқи, Дариен музофотида истиқомат қилган, кейинчалик йўқолиб кетган туб аҳоли Куэва (испанча “Cueva”) қабиласи ҳиндулари тилидан оммалашган.
Расмий тили испан тили бўлмиш мамлакатнинг пойтахти Панама ялпи аҳолининг 50 фоизидан кўпроғи тўпланган асосий шаҳар ҳисобланади.
Аҳолининг аксари ҳиндулар ва оқлардан ҳосил бўлган аралаш ирққа мансуб.
Баъзилар Панамани “учинчи дунё” мамлакати сифатида билади. Аслида иқтисодий ўсиш суръати ва турли соҳаларда юз бераётган ўзгариш ушбу мамлакатни ривожланган давлатлар учун жиддий рақобатчига айлантирди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари Шимолий ва Жанубий Америка ўртасидаги стратегик жойлашув туфайли янгилик тарқатиш маркази вазифасини бажаради. Панаманинг адади энг кўп газеталари, испан тилида нашр этилади “Ла Пренса” (La Prensa), “Панама Америка” (Panamа Amеrica), “Критика ва Эл Сигло” (Critica El Siglo), “Критика Либре ва Ла Кроника” (Critica Libre La Crónica) ҳафталик газетаси таҳририятлари пойтахтда жойлашган. Энг қадимий газета –1849 йил 24 февралда инглиз тилли “Панама юлдузи” нашри сифатида пайдо бўлган “Эстрелла де Панама” (La Estrella de Panamа) ўтган асрда мамлакатдаги энг кўп ададда босилган оммавий ахборот воситаси ҳисобланади.
Панамада радиоэшиттириш дастурлари 1922 йил, телевидение эса 1956 йил эфирга узатила бошланган. Расмий телерадиокомпания – “Sistema Estatal de Radio y Televisión” 1961 йил ташкил этилган бўлиб, 1972 йилдан кўрсатувларни рангли намойиш этиб келмоқда.
Маҳаллий аҳоли маданияти кишилар турмуш тарзини белгилайдиган анъанавий тушунчалар билан боғлиқ. Оила ва ижтимоий хулқ-атвор тушунчасини шакллантирадиган оилавий қадриятларга муҳим аҳамият берилади. Панамаликлар миллий урф-одатга қатъий риоя қилади, кийим-кечак, рақс ва мусиқа ёрдамида ифодаланадиган анъанавий маросимлар кундалик ҳаётда асосий ўрин эгаллайди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА