3-ГМЗда янги сув совитиш минораси ишга тушди
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-Гидрометаллургия заводида ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди.
Корхонада сульфидли флотацион концентратларни биооксидлаш технологиясида фойдаланиладиган биореакторлар учун мўлжалланган янги сув совитиш минораси ишга туширилди.
Бугунги кунда заводнинг биооксидлаш мажмуасида 60 та биореакторни ўз ичига олган 10 та модуль фаолият юритмоқда. Ушбу биореакторларда сульфидли флотацион концентратларни қайта ишлаш жараёни махсус микроорганизмлар иштирокида амалга оширилади.
– Биооксидлаш жараёни махсус микроорганизмлар иштирокида кечади ва уларнинг самарали фаолияти маълум ҳарорат – 40-44°С оралиғида таъминланади, – дейди завод директори Бекзод Ҳусанов. – Биореакторларда ҳароратнинг меъёрдан ошиб кетиши микроорганизмлар фаоллигининг пасайишига, бу эса технологик кўрсаткичларнинг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги ва замонавий 3 секциядан иборат бўлган сув совитиш минорасининг қурилиш ва монтаж ишлари якунланиб, минора фойдаланишга топширилди. Ушбу янги сув совитиш минораси ташқи ҳаво ҳарорати 40°C ва ундан юқори бўлган ёз ойларида биореакторлардаги технологик ҳароратни меъёрий даражада ушлаб туришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, биооксидлаш жараёнининг узлуксиз ва самарали кечишини таъминлайди.

Янги сув совитиш минорасининг ишга туширилиши натижасида биореакторлардаги ишчи муҳит ҳароратини барқарор даражада ушлаб туриш имконияти яратилди. Совитиш тизими орқали айланма сувнинг ҳарорати пасайтирилиб, биооксидлаш жараёни учун зарур бўлган оптимал шароитлар таъминланмоқда.
Мазкур қурилма нафақат биореакторлардаги ҳароратни меъёрда ушлаб туриш, балки биооксидлаш жараёни самарадорлигини ошириш ва олтин ажратиб олиш даражасини барқарор таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми 60 миллиард сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири