Жаҳон банки Ўзбекистон логистикасини янги мезонлар асосида баҳолади
Ўзбекистонда B2B почта жўнатмаларини етказиб бериш муддати 4,7 кунни ташкил этмоқда. Бу Марказий Осиёдаги энг яхши натижа. Бироқ, импорт юкларининг аэропортда бўлиш муддати 5,2 кун экани логистика занжирида божхона ва назорат жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Логистика соҳасида энди анъанавий сўровномалар эмас, реал вақтдаги рақамли маълумотлар асосида баҳолаш тизими қўлланилади. Ўзбекистоннинг айрим кўрсаткичлари Марказий Осиёда юқори натижаларни қайд этмоқда.
Жаҳон банки томонидан логистика тизимининг самарадорлигини баҳолаш бўйича янгиланган — «Логистика самарадорлиги кўрсаткичлари 2.0» (LPI 2.0) методологияси жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази экспертлари янги методология асосида мамлакат логистика тизими ҳолатини таҳлил қилди.
Янги ёндашувнинг асосий жиҳати шундаки, энди аввалгидек фақат сўровномаларга асосланган ягона индексдан фойдаланилмайди. Логистика жараёнларининг самарадорлиги реал вақт режимида рақамли кузатиш маълумотлари асосида баҳоланади. Бу эса юкларни ташиш, божхонадан ўтказиш, почта ва курьерлик хизматлари, чегарадаги расмийлаштирув жараёнлари каби йўналишлардаги ҳақиқий ҳолатни янада аниқроқ баҳолаш имконини беради.
Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган давлатлар — LLDC (Landlocked Developing Countries) учун янги методологияда уларнинг географик жойлашуви ва транспорт-логистика тизими хусусиятларини ҳисобга олувчи алоҳида баҳолаш мезонлари белгиланган.
Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторига киради. Янги методология доирасида мамлакат учун 10 та кўрсаткич — 6 та асосий ва 4 та қўшимча индикатор белгиланган. Муҳими, LPI 2.0 методологияси янги кўрсаткичларни мамлакатлар ўртасида оддий рейтинг шаклида таққослашни тавсия этмайди. Шу сабабли Ўзбекистон натижалари етакчи давлатлар ва асосий ҳамкор мамлакатлар кўрсаткичлари билан рейтинг ўрни бўйича эмас, балки тегишли ўлчов бирликларида таҳлил қилинган.
Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг айрим логистика кўрсаткичлари эътиборга молик. Жумладан, бизнесдан бизнесга (B2B) почта жўнатмаларини етказиб бериш муддати 4,7 кунни ташкил этмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг B2C йўналишида 82 та мамлакат билан почта ҳамкорлиги мавжуд.

Жаҳон банки таҳлилига кўра, B2B жўнатмаларни етказиб беришда сарфланаётган вақтнинг катта қисми почта жараёнлари ҳамда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ. Шунинг учун ушбу жараёнларни рақамлаштириш ва соддалаштириш етказиб бериш муддатларини янада қисқартиришга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистонда импорт қилинаётган юкларнинг аэропортда бўлиш муддати 5,2 кунни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич Россияда 2,3 кун, Қозоғистонда эса 3,5 кунни ташкил қилади.
Экспертлар таҳлилига кўра, импорт юкларининг аэропортда бўлиш вақти фақат аэропортнинг юкларни қайта ишлаш самарадорлигига боғлиқ эмас. Умумий вақтнинг 55 фоизидан ортиғи божхона, карантин, ветеринария, фитосанитария ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан назорат тадбирларини ўтказиш, шунингдек, юк олувчилар ва уларнинг вакиллари томонидан божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини ўз вақтида бажариш билан боғлиқ. Демак, логистика жараёнини тезлаштириш учун нафақат транспорт инфратузилмасини, балки давлат назорати ва божхона жараёнларини ҳам рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Айни йўналишда Ўзбекистоннинг авиайўллар орқали юк ташиш бўйича 38 та мамлакат билан ҳамкорлиги мавжуд.
Контейнернинг етказиб бериш пунктида бўлиш муддати Ўзбекистонда 1,2 кун ёки 28,8 соатни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич қўшни мамлакатлардаги натижаларга яқин. Экспертларнинг фикрича, логистика жараёнларида вақтни тежаш, биринчи навбатда, чегара ва божхона расмийлаштирувларини тезлаштириш, электрон маълумот алмашинувини кенгайтириш ҳамда турли идоралар ўртасидаги ахборот тизимларини интеграция қилиш билан боғлиқ.
Жаҳон банкининг янги методологиясида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун божхона жараёнларини рақамлаштириш, чегарадаги расмийлаштирувларни тезлаштириш ва реал вақт режимида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш устувор вазифалар сифатида кўрсатилган.
Ўзбекистон учун ҳам бу йўналишлар стратегик аҳамиятга эга. Чунки мамлакатнинг географик жойлашуви халқаро савдо йўналишларида транспорт ва логистика харажатлари ҳамда вақт омилининг муҳимлигини янада оширади. Умуман олганда, LPI 2.0 методологияси Ўзбекистон логистика тизимининг кучли ва такомиллаштириш зарур бўлган жиҳатларини аниқроқ кўриш имконини беради. Айниқса, почта етказиб беришдаги 4,7 кунлик натижа Марказий Осиёдаги энг яхши кўрсаткичлардан бири экани соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш ва модернизация жараёнларининг самарасини кўрсатади.
Бироқ, аэропортларда импорт юкларининг 5,2 кун сақланиши каби кўрсаткичлар божхона ва бошқа назорат жараёнларини янада такомиллаштириш, идоралараро электрон ҳамкорликни кучайтириш ва логистика занжирида ортиқча вақт сарфини қисқартириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу маънода, LPI 2.0 нафақат логистика соҳасининг бугунги ҳолатини баҳолаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун қайси йўналишларга эътибор қаратиш лозимлигини белгилашда ҳам муҳим инструмент бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА