28 дона электрон нивелир ускуна совға қилинди
Бугун мазкур лойиҳа асосида вазирликда 28 дона электрон нивелир ускуналарни топшириш маросими ўтказилди.
Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” ва “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” дастурлари амалга оширилмоқда.
Бугун мазкур лойиҳа асосида вазирликда 28 дона электрон нивелир ускуналарни топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Равшан Мамутов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс, БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Матильда Димовска ва бошқалар сўзга чиқиб, сув хўжалиги соҳасининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан бири экани ва сувни бошқариш тизимлари самарадорлигини оширишнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади.

Сув ресурсларини бошқаришда сув хўжалиги ташкилотларининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида пилот ҳудудлар сифатида Сирдарё-Сўх, Қуйи Сирдарё, Зарафшон, Аму-Қашқадарё, Аму-Сурхон, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари танлаб олинган. Лойиҳа доирасида ушбу ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида сув таъминоти ва сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимлар малакасини ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Маросимда электрон нивелир ускуналар мазкур пилот ҳудуд сифатида танланган 6 та ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, шунингдек, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, “Leica Sprinter 250M” русумидаги замонавий рақамли нивелирлар сув хўжалиги гидротехник иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш жараёнларида масофа ва баландликларни ўлчаш, тўлдириш ва қазиш фарқларини аниқлаш, маълумотларни сақлаш ва узатиш учун қўл келади.