27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни
Бутунжаҳон туризм куни тарихи 1925 йилда Гаагада Расмий сайёҳлик ташкилотлари Халқаро конгресси ташкил этилган кунга тақалади. Ҳозирда у Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (United Nations World Tourism Organization – UNWTO) деб номланади. Айнан ушбу ташкилот томонидан 1979 йилда Бутунжаҳон туризм куни таъсис этилди. У саёҳатлар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратишга йўналтирилган. Айни пайтда жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг қарийб 6 фоизи туризм соҳасига тўғри келмоқда, дунё бўйича сайёҳатлар сони эса тахминан 1,3 миллиардни ташкил этади.
Ҳар йили миллионлаб инсонлар янги жойлар, бошқа халқларнинг маданияти, урф-одати ва турмуш тарзи билан танишиш мақсадида дунё бўйлаб саёҳатга чиқади. Инсонлар ва ҳамжамиятлар ўртасидаги бундай ҳамкорлик бутун дунёда тинчлик ҳукм суриши учун зарур бўлган халқлар ўртасидаги бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ҳар йили байрам шиорини эълон қилади, бу йилги байрам шиори “Сайёҳлик ва тинчлик” деб номланади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА