205 нафар форишлик хотин-қиз ишли бўлди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида Жиззах вилоятининг Фориш тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “DONA TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ва туман ҳокимлиги, туман секторлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, 3-сектор ҳудудида янгидан ташкил этилган корхона ишчи-хизматчилари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдивали Мустанов, меҳнат фахрийси, тажрибали тадбиркор Турғун ҳожи Кўчкинов, Фориш тумани ҳокими Икром Матиев ва бошқалар сўзга чиқиб барча форишликларни халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан қутлади. Шундай шониёна кунларда туман ҳудудида кўплаб ижтимоий ҳамда ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилаётгани аҳоли фаровонлигини ошириш, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари янги корхонада ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. “DONA TEXTILE” МЧЖда ходимларнинг меҳнат қилиши, дам олиши, овқатланиши учун барча шароитлар яратилган. Туманнинг узоқ қишлоқларидан қатнаб ишловчи ишчилар учун махсус автобус ажратилган. Ишчи-хизматчиларга махсус кийим-бош, бепул тушлик берилади.

Тадбиркор Жасур Ражабов томонидан мазкур корхонани бунёд этиш ва жиҳозлаш учун 10 миллиард 890 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тикув-бичув ва бошқа зарур жиҳозлар ўрнатилди. Корхонада 205 нафар форишлик хотин-қиз ишга қабул қилинди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар буюртма асосида тайёрланади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, сифатини ошириш ва экспортга йўналтириш ҳисобига корхонада яна қўшимча янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.




А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА