2028 йилгача барча олийгоҳларда дуал таълим тизими тўлиқ йўлга қўйилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз олийгоҳларда дуал таълимни янгича ёндашув асосида йўлга қўйиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Келаси йилдан «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тизими 75 та олий таълим муассасасида, 2028 йилдан барча олийгоҳларда амал қилади.
Иш берувчи ўзига керак номзодни ўқитиш бўйича олийгоҳга буюртма беради. Нзомзод тестсиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди.
Корхона томонидан бириктирилган устозга олийгоҳ педагоглар ойлигига тенг миқдорда қўшимча ҳақ тўлайди. Корхона олийгоҳ ёки талаба яшайдиган жойдан узоқ бўлса, ижара харажати қопланади. Ўқиш ва ишда яхши натижа кўрсатган талабалар иккинчи курсдан давлат грантига ўтади.
Ректорлар дуал таълим бўлимларини очади, ўқув ишлари бўйича проректорлар асосий вақтини шу йўналишга ажратади. Тизимни намунали ташкил қилган учта энг яхши олий таълим муассасаси ва ҳамкор корхонанинг ҳар бири 1 миллиарддан 3 миллиард сўмгача мукофот олади. Олийгоҳга берилган мукофотнинг ярми бу ишга ҳисса қўшган педагогларни рағбатлантиришга сарфланади.
ЎзА