2028 йилда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари конференциясини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги Форумида иштирок этмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон делегация вакиллари БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ўрмон хўжалиги, уй-жой қурилиши ва ердан фойдаланиш бўйича қўмитаси директори Паола Деда хоним билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БМТ ЕИК ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланишни олдини олиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Паола Деда хоним 2028 йилда БМТ Европа иқтисодий комиссияси шафелигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги фаол иштироки ва ташаббусларини қайд этиб, мамлакатимиз ушбу нуфузли анжуманни ўтказиш учун мезбонликка муносиб номзод эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш ва илгари сурилган таклифлар юзасидан мунтазам маълумот алмашиб боришга келишиб олдилар.
ЎзА