2026/2027 ўқув йили қабули: магистратурага 36,8 мингдан ортиқ ариза топширилди
2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари изчил давом этмоқда.
22 июль куни соат 13:30 ҳолатига кўра, магистратура, иккинчи мутахассислик, техникум битирувчиларини суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ҳамда ўқишни кўчириш ва тиклаш бўйича аризалар сони эълон қилинди.
Маълум қилинишича, магистратура босқичига ҳозирга қадар 36 814 та ариза қабул қилинган. Ушбу йўналиш бўйича ҳужжатлар 30 июлга қадар (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим ташкилотларига суҳбат асосида қабул қилиш учун эса 4 368 та ариза келиб тушган. Мазкур қабул жараёни 25 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш истагида бўлганлардан ҳозиргача 11 301 та ариза қабул қилинган. Бу йўналиш бўйича ҳужжатлар 10 августга қадар (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Шунингдек, республикадаги давлат олий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш ва тиклаш бўйича 16 463 та ариза рўйхатдан ўтказилган. Нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш ва тиклаш учун эса 787 та ариза келиб тушган. Ҳар икки тоифа бўйича қабул 5 августга қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Эслатиб ўтамиз, магистратура, иккинчи мутахассислик ҳамда техникум битирувчиларини қабул қилиш учун аризалар my.edu.uz платформаси орқали, ўқишни кўчириш ва тиклаш бўйича мурожаатлар эса transfer.edu.uz платформаси орқали онлайн тарзда қабул қилинмоқда.
Қабул жараёнларида иштирок этаётган абитуриентлар ва талабгорларга белгиланган муддатларга амал қилган ҳолда ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириш тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА