2023 йилда кўмак ҳажми ошади...
Россия-Украина
БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс Украинада бўлиб турибди. У тўрт кунлик ташрифи давомида маҳаллий ҳокимият, гуманитар ташкилотлар, хорижий давлатлар элчилари ва халқ билан мулоқот ўтказишни режалаштирган, дейилади БМТ матбуот хизмати хабарида.
МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Украина Бош вазири Денис Шмигал билан учрашиб, “Украинадаги барча АЭСлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро агентлик миссиясини жойлаштириш” масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Гросси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
АҚШ – Африка саммити арафасида африкалик давлатларга 55 миллиард доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги хабарлар ортидан Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан “Вашингтон Африка давлатларини Украина масаласидаги ўз қарашини қўллашга мажбур қилмайди”, деди.
“NBC” телеканали Пентагондаги манбасига таяниб, мудофаа вазирлиги Вашингтон томонидан етказиб берилаётган қурол-яроқ назоратини кучайтириш мақсадида Украинада вакилларини кўпайтирмоқчи, дея хабар берди.
Маълумотга кўра, Украинада, тахминан, 20 нафар америкалик ҳарбий АҚШ қуроллари ҳаракатини кузатиб турибди. Шунингдек, муҳим қуролланиш, жумладан, ҳаво мудофаасига қарши мажмуа тизимидан фойдаланишда Украина армиясига ёрдам берадиган экспертлар юборишни мўлжаллаб турибди.
Украина етакчиси Владимир Зеленский “Netflix” шарҳловчиси Дэвид Леттерманга берган интевьюсида АҚШ кўмагисиз мамлакат ўта оғир аҳволда қолишини тан олади, деди:
- Украинани қўллаб-қувватлаш борасида АҚШ етакчи. Зиддият тугагач, биз Қўшма Штатларнинг янада кўпроқ қўллаб-қувватлашига муҳтож бўламиз.
Шу билан бирга Зеленский “У томондан ёрдам секинлашиб қолганини” ҳам қайд этиб ўтди.
Австрия федерал канцлери Карл Нехаммер Украина ва Босния-Герцеговинани зудлик билан ЕИга қабул қилиш тўғри бўлмаслиги ҳақида гапирган.
Еттилик гуруҳи мамлакатлари етакчилари Украинадаги зиддиятни ниҳоясига етказиш, адолатли тинчликка эришиш бўйича Зеленскийнинг ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Видеоконференция шаклида ўтказилган учрашув якуни бўйича қабул қилинган қўшма баёнот шу ҳақда гувоҳлик беради.
Буюк Британия ҳукумати раиси Риши Сунак “еттилик” давлатларини 2023 йилда Украинага ёрдам ҳаракатини бирлаштириш ва кўмак миқдорини камайтирмасликка чақирди. Шунингдек, мазкур гуруҳ МАГАТЭнинг Запорожье АЭСда хавфсизлик ҳудуди яратиш борасидаги интилишини ҳам қўллашини билдирди.
Италия Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Украинани тиклашда фаол қатнашиш тўғрисида баёнот билан чиқди.
“Ҳозиргача Италия электр манбалари фаолиятини тиклаш учун ушбу мамлакатга жуда кўп миқдорда материал жўнатди. Бу хайрли ишни давом эттирамиз”, деди у “ANSA” агентлигига.
ЕИ мамлакатларининг доимий вакиллари 2023 йил Украинага 18 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарорни бир овоздан маъқуллади, дея маълум қилган Чехия ваколатхонаси.
Аброр ХОН,
ЎзА