20 та янги микроавтобус аҳоли хизматида
Аҳолига қулай, хавфсиз ва замонавий транспорт хизматини тақдим этиш мақсадида Яккабоғ туманида яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди. Жумладан, туманга 20 дона янги “Shineray” русумли микроавтобуслар олиб келинди.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа тадбиркор Дилшод Бадалов раҳбарлигидаги “Хиёбон йўллари” МЧЖ ташаббуси билан амалга оширилди. Ҳар бири 11 ўринли бўлган мазкур микроавтобуслар 18,5 минг АҚШ доллари қийматида бўлиб, улар GPS навигация тизими, авторегистратор, кондиционер ва бошқа замонавий талабларга жавоб берадиган қулайликлар билан жиҳозланган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур транспорт воситалари нафақат қулайлик, балки хавфсизлик ва ишончлиликни ҳам таъминлайди.

Янги микроавтобусларнинг тақдимот маросимида Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди:
– Фуқароларимиз учун қулайлик яратиш – Президентимиз бошчилигидаги биз раҳбарларнинг устувор вазифамиздир. Бу каби лойиҳалар аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга, – деди туман раҳбари.
Эндиликда мазкур микроавтобуслар туманнинг турли йўналишларида ҳаракатланиб, аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш билан бирга, туризм инфратузилмасини ривожлантиришда ҳам муҳим рол ўйнайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири