“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалда
“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида тадбиркорларга берилган енгилликлар ва молиявий рағбатлар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Дастур доирасида фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳокимлик ва вазирликлар билан тегишли ҳамкорлик шартномаларини имзолайди.
Бухоро вилоятида шу кунга қадар ушбу дастур доирасида янги иш ўрни яратишни режалаштирган 22 та тадбиркорлик субъектининг ҳамкорлик шартномаларини тузиш учун берган аризаларига вилоят адлия бошқармаси ҳамда шаҳар адлия бўлими томонидан ижобий хулоса берилган.
Тадбиркорларнинг 18 таси 51 тадан 100 тагача, 2 таси 101 тадан 200 тагача ҳамда яна 2 таси 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратишни режалаштирган. Бунинг натижасида ушбу корхоналарда жами 1 700 дан ортиқ ишсиз фуқаронинг доимий иш билан бандлиги таъминланади.

Вилоятнинг чекка ҳудудларидан саналган Қоровулбозор туманида фаолият олиб бораётган “Анваржон метал сервис-2020” корхонаси ҳам ушбу дастурга мувофиқ, ҳамкорлик шартномалари асосида йил якунига қадар жами 51 та янги иш ўрни яратиш орқали солиқ енгилликларидан фойдаланмоқчи.
–Бу дастур орқали тизимли ишларни бошлаб юбордик, – дейди корхона раҳбари Анвар Бозоров. –Ҳамкорлик шартномалари асосида йил якунига қадар жами 51 та янги иш ўрни яратишни режалаштирдик. Дастур орқали биз тадбиркорларга берилган енгилликлар ва молиявий рағбатлардан фойдаланамиз.
Шунингдек, Когон туманида фаолият юритаётган “Очилов файз бизнес” корхонаси ҳам дастур доирасида малакали мутахассисларни тайёрлаб уларнинг сонини 200 тагача етказишни мақсад қилган.

Таъкидлаш лозим, Савдо-саноат палатаси томонидан дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификат берилган тадбиркорлик субъектларига 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – мол-мулк ва ер солиғи 50 фоизга, 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – мол-мулк ва ер солиғи 75 фоизга камайтирилади. 200 тадан зиёд янги иш ўрни яратилганда мол-мулк ва ер солиғидан тўлиқ озод этилади.
Шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга барча солиқларни (ҚҚС ва солиқ агенти сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ҳамда божхона тўловларини таъминотсиз ва (ташкил этилаётган иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда) тегишинча 3, 6 ва 12 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири