20 декабрь – Халқаро инсонлар бирдамлиги куни
Ҳар йили 20 декабрь куни БМТ ташаббуси билан Халқаро инсонлар бирдамлиги куни (International Human Solidarity Day) нишонланади. Бу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2005 йил 22 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган бўлиб, у БМТнинг қашшоқликка барҳам бериш бўйича биринчи ўн йиллигини (1997-2006) амалга оширишга бағишланган.
Бош Ассамблея ўз резолюциясида ХХI асрда халқаро муносабатларни асос қилиб олиши керак бўлган асосий ва умуминсоний қадриятлардан бири ҳамжиҳатлик эканлигини таъкидлайди. Қолаверса, БМТ Халқаро бирдамлик кунида ҳукуматларга халқаро шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини ҳурмат қилишлари кераклигини ҳам эслатиб келади. Чунки бу кун қашшоқликка барҳам бериш бўйича янги ташаббусларни ҳимоя қилиш сифатида ҳам нишонланади.
Ҳамжиҳатлик - умумий манфаатлар ва умумий гуруҳ мақсадларига эришиш заруриятига асосланган ижтимоий гуруҳ аъзоларининг эътиқодлари ва ҳаракатларининг бирлиги, ўзаро ёрдами ва умумий жавобгарлигидир. Қашшоқлик ва зулмдан азият чекаётган инсонлар билан бирдамлик БМТ ташкил топганидан бери унинг асосий тамойилларидан бири бўлиб келган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташкил этилишидан мақсад ҳам тинчлик, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни ҳимоя қилиш мақсадида дунё халқлари ва давлатларининг яқинлашишига хизмат қилишдир. Бирдамлик руҳига қатъий риоя қилган ҳолда, БМТ ўзининг кундалик фаолиятида иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар характердаги халқаро муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликни амалга оширишга таянади.

2005 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси томонидан инсон ҳуқуқлари ва халқаро бирдамлик масалалари бўйича мустақил эксперт мандати белгиланган эди. 2017 йилдан буён ушбу мандатга профессор Обиора К. Окафор (Нигерия) раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг CОВИД-19 пандемияси шароитида вакциналарнинг глобал тақсимланиши ва инсон ҳуқуқларига бағишланган ҳисоботига кўра, Ғарбий Европа ва Шимолий Америка мамлакатлари томонидан вакциналар заҳираси глобал жанубдаги одамларга кутилганича етиб бормаяпти, нархлар ҳам юқори. Айрим якка тартибдаги фармацевтика компанияларининг ишлаб чиқараётган ваксиналари уларни ишлаб чиқариш нархидан 6-24 баравар қиммат сотилаётгани аниқланган.
2022 йил 22 май ҳолатига кўра, Африка аҳолисининг атиги 4,1 фоизи эмланган. 2002 йил 20 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси БМТ Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) мақсадли фонди сифатида Бутунжаҳон бирдамлик жамғармаси ташкил этилган эди. Унинг мақсади ривожланаётган мамлакатларда, айниқса, аҳолининг энг камбағал қатламларида қашшоқликни тугатиш ва инсоний ва ижтимоий ривожланишга кўмаклашишдир.

Таъкидлаш жоизки, БМТТД БМТнинг глобал ривожланиш тармоғи ҳисобланади. У ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди ва одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам бериш учун билим, тажриба ва ресурслардан фойдаланишга ёрдам беради. Мазкур тузилма 170 мамлакат ва ҳудудларда фаолият юритади. Ташкилот 2030 йилги кун тартибини амалга ошириш учун маблағларни барқарор ривожланиш учун янгиланган глобал ҳамкорлик орқали, айниқса, энг камбағал ва ҳимоясиз қатламларга қаратмоқда. 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби ва Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади (БРМ) 2015 йилнинг кузида дунё етакчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган эди.
БМТ Тараққиёт дастури ва Оксфорд Инсон тараққиёти ва қашшоқликни қисқартириш ташаббуси (2022) ҳисоботига кўра, дунёда камида 1,2 миллиард киши “кўп босқичли қашшоқлик шароитида” яшаб келмоқда. Уларнинг кунлик даромади 1,9 доллардан ҳам кам. Қолаверса, қашшоқ қатламнинг ярмига яқини 18 ёшгача бўлган ўсмирлардир. Дунёдаги камбағалларнинг аксарияти, яъни 83 фоизи (579 миллион) Саҳрои Кабир ва Жанубий Африка минтақасида яшайди. 385 миллионга яқини эса Жанубий Осиёда. Бир миллионга яқин қашшоқлар Европада яшар экан. Яна бир эътибор қаратадиган жиҳат, бу уларнинг деярли 83 фоизи қишлоқ аҳолиси бўлганидадир. БМТ ТДнинг мақсади ҳам 2025 йилгача дунё бўйича 100 миллион кишига қашшоқлик тамғасидан халос бўлишига ёрдам беришдир.
БМТ маълумотларида 2030-йилга бориб қашшоқликка барҳам бериш учун аҳолининг ҳозирги ўсиш суръатини ҳисобга олган ҳолда кунига 1,9 доллардан кам даромадга эга бўлганлар сонини ҳар йили қарийб 110 миллион кишига камайтириб бориш зарурлиги айтилмоқда. Хулоса шулки, бундай мақсадга эришиш учун ҳам дунё ҳамжамиятидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирдамлик талаб қилинади. Зеро, тарихдан маълумки, башарият юзага келган оламшумул муаммоларни ҳар доим ҳамжиҳатликда, бирдамликда ҳал қилиб келган. Бинобарин бугун халқаро ҳамжамият томонидан нишонланаётган сана ҳам инсонларни яна бир-бор бирдамликка чақиради.
С.Раҳимов, ЎзА