2 мингдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари таъминланди
Рақобат қўмитаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда Ховос туманида "Сирдарё сув таъминоти" АЖ томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатининг истеъмолга яроқлилиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганишлар давомида ичимлик сувидан олинган намуналарни текшириш натижасида Ховос туманида жами 6 та МФЙда 1 минг 248 та истеъмолчига ҳамда ушбу ҳудудда жойлашган 17- ва 6- сонли умумий ўрта таълим мактабларига сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани аниқланди. Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 4, 12, 19-20-моддалари талаблари бузилган.
Натижада ҳудудий бошқарма томонидан "Сирдарё сув таъминоти" АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шу билан 2 мингдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА