12 май — Халқаро ҳамширалар куни
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган кенг кўламли трансформация жараёнларида замонавий фикрлайдиган, юксак малакали ўрта тиббиёт ходимларининг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда соҳадаги ана шундай ижобий ўзгаришлар ва фидойи касб эгаларининг шарафли меҳнати яна бир бор эътироф этилди.
Тадбирни соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов табрик сўзи билан очиб, тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этди. Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги ўзбек ҳамшираси нафақат беморларни парвариш қилувчи, балки юқори технологик амалиётлар, жумладан, буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби мураккаб операцияларда шифокорларнинг энг яқин кўмакчисига айланди.
Айниқса, мамлакатимизнинг 15 та туман ва шаҳрида ҳамда Самарқанд вилоятида амалиётга татбиқ этилаётган соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ўрта тиббиёт ходимлари учун янги даврни бошлаб берди. Бу жараёнда соҳа ходимларининг маоши ва устамалари сезиларли даражада оширилиб, уларнинг ўз салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратилди.
[gallery-29355]
Ҳозирги кунда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида 400 мингга яқин ўрта тиббиёт ходими ва қарийб 7 минг нафар олий маълумотли ҳамшира фаолият юритмоқда. Соҳани янада халқчил тизимга айлантириш ва ҳамшираларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш мақсадида бир қатор янги лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, жорий йилдан бошлаб соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида илк бор “Соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини бўйича йилнинг энг яхши IT-оператор ҳамшираси” кўрик-танловининг йўлга қўйилгани ҳам соҳадаги замонавий ёндашувлардан биридир.
Тантанали маросимда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев сўзга чиқиб, барча фидойи ходимларни байрам билан қутлади.
Тадбир доирасида анъанавий “Ҳамшира — 2026”, “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи”, “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими”, “Менинг онам ҳамшира” каби кўрик-танловлар ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Хусусан, “Ҳамшира — 2026” кўрик-танловининг республика босқичида шаффоф ва адолатли мезонлар асосида энг юқори натижа кўрсатган иштирокчилар аниқланди.
Танлов натижаларига кўра, биринчи ўрин Хоразм вилояти Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими ҳамшираси Эркинова Гуломдон Эгамберган қизига насиб этди. Иккинчи ўринни Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Исоқова Шаҳноза Аҳад қизи эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Навоий вилояти Кармана туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Йўлдошова Зарина Зафар қизига берилди.
Шунингдек, энг яхши патронаж доялар тақдирланди. Олий ҳамширалик иши мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўртасида бўлиб ўтган “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди. Шу йилдан бошлаб ўтказилиши йўлга қўйилган “Соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини бўйича йилнинг энг яхши IТ-оператор ҳамшираси” кўрик-танловининг илк ғолиблари ҳам эълон қилинди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА