12-мактабда Билимлар куни кенг нишонланди
Бугун юртимиздаги 11 мингдан ортиқ умумтаълим мактабларида Билимлар куни кенг нишонланиб, янги ўқув йилига старт берилди. Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамига уйғун равишда ўтаётган Билимлар кунида минглаб фарзандларимиз янги билимларни олиш иштиёқи билан мактабга қадам қўйишди. Жумладан, бу йил 800 минг нафарга яқин ўғил-қиз мактаб остонасига илк бор қадам қўймоқда.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 12-умумтаълим мактабида ҳам Билимлар куни катта шодиёна қилинди.

Байрам тадбирида мактаб директори Умида Маҳаматова давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Табрикда қайд этилганидек, кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бормоқда.
“Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “IT”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир. Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир”, дейди Президентимиз ўз табригида.

Дарҳақиқат, бугун мактаб остонасига катта орзу–ниятлар билан қадам қўяётган фарзандларимиз эртанги порлоқ келажагимизнинг пойдеворлари, Учинчи Ренессансни барпо этишга қодир авлоддир. Уларнинг кўзлари, нигоҳларидаги катта иштиёқ ва интилишни кўриб, қувонасан киши.
– Бизнинг мактабимизда 1 минг 280 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди 12-умумтаълим мактаби директори У.Маҳаматова. – Шу жумладан, бу йил 1-синфга 170 нафар ўқувчи қабул қилинди. Бешта синфдан иборат 1-синф ўқувчиларимизга мактаб сумкаси ва ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.

Билимлар кунида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган шеърлар, куй ва қўшиқлар, рақслар тақдим этилиб, барчага байрамона кайфият улашилди.
М.Комилова, ЎзА