11 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган лойиҳа муҳокама қилинди
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида АҚШнинг Prestone PFX компанияси ҳамда «Global Petrochemical Group» МЧЖ вакиллари иштирокида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда халқаро стандартларга жавоб берадиган антифриз маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ҳудудида қўшма корхона ташкил этиш, замонавий технологияларни трансфер қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни ички бозорга етказиб бериш ва экспортга йўналтириш масалалари кўриб чиқилди.
Мутахассислар маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда антифриз маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёж қарийб 19 минг тоннани ташкил этади. 2025 йил давомида мамлакатга 12 минг тоннадан ортиқ антифриз импорт қилиниб, унинг умумий қиймати 11,23 миллион АҚШ долларига етган. Бу эса ички бозорда сифатли маҳсулотларга барқарор талаб мавжудлигини ҳамда мазкур соҳада маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун етарли иқтисодий асос шаклланганини кўрсатади.

Prestone PFX Group автомобиллар учун техник суюқликлар, иссиқликни бошқариш тизимлари ҳамда махсус кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган халқаро компания ҳисобланади. Компания таркибида 17 та ишлаб чиқариш майдони ва 4 та илмий-тадқиқот маркази фаолият юритади. Унинг маҳсулотлари дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида сотилади. Қарийб бир асрлик тарихга эга Prestone бренди антифриз ишлаб чиқариш ва уни такомиллаштириш соҳасида етакчи халқаро брендлардан бири сифатида эътироф этилади.
Учрашувда иштирок этган «Global Petrochemical Group» МЧЖ эса 2011 йилдан буён мотор мойлари, антифриз ва автокимё маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Корхонада маҳсулот тайёрлашнинг барча технологик босқичлари, жумладан, қуйиш ва қадоқлаш учун зарур бўлган полимер идишларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур инвестиция лойиҳаси амалга оширилса, ички бозор эҳтиёжини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қондириш, импорт ўрнини босиш, илғор технологияларни жалб қилиш ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт ҳажмини кенгайтириш учун муҳим имкониятлар яратилади.
Учрашув якунида истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш, уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, масъул ташкилотлар ҳамда ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА