100 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди
Фуқароларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларнинг мурожаатларига тезкор ечим топиш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида Ширин шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Унда 90 нафар фуқаро иштирок этиб, 100 дан зиёд масала ва таклифларини масъулларга бевосита етказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган қабул вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров раҳбарлигида, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилди.

Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой ва ер ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам, ичимлик суви, йўл инфратузилмаси ҳамда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларни қамраб олди.

Қабулда нафақат Ширин шаҳри, балки Сирдарё, Боёвут, Сайхунобод, Ховос, Мирзаобод ва Гулистон туманларидан келган фуқаролар ҳам ўз муаммо ва таклифларини билдирди. Хусусан, ер ажратиш, сув солиғи ҳисоб-китоблари, кўчаларни асфальтлаш, уй-жойларни таъмирлаш ва қурилиш ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.

Ҳар бир масала масъуллар иштирокида ўрганилиб, уларни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш, айрим муаммоларни жойида бартараф қилиш ва ижросини назоратга олиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Сайёр қабулдан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров Ширин шаҳридаги қатор ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар инфратузилмаси, кўп қаватли уйлар ҳамда ободонлаштириш ва реновация ишларининг бориши билан танишди.

Дастлаб, шаҳар тиббиёт бирлашмасида муассасанинг мавжуд имкониятлари, моддий-техник базаси ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Муассаса фаолиятини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва аҳоли учун яратилган шароитларни яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Фарҳод маҳалласидаги 59- ва 60-сонли уйларни реновация қилиш режалари кўриб чиқилди. Ҳудудда янги турар жойлар барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ривожлантириш орқали маҳалла қиёфасини замонавийлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, учта болалар ўйингоҳи қурилишини якунига етказиш бўйича масъулларга вазифалар белгиланди.
Шаҳардаги 15-сонли маданият маркази биноси ўрнида маҳалла гузари, касб-ҳунар маркази, кичик амфитеатр ҳамда аҳоли дам олиши учун замонавий маскан ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бу ташаббус ҳудудда аҳоли учун қулай ижтимоий муҳит яратиш, маданий ҳордиқ чиқариш ва касб ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Шунингдек, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, уларнинг ташқи қисмини базальт қопламаси билан қоплаш ишларини сифатли якунлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шаҳардаги ўрганишлар давомида белгиланган вазифалар ижроси, аҳоли мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши ҳамда ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар устидан назоратни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири