“Ўзбекистон металлургия комбинати” 76 ёшда
“Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида илк пўлат эритилганига бугун – 5 март куни 76 йил тўлди.
“Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида илк пўлат эритилганига бугун – 5 март куни 76 йил тўлди.
1942 йилда қурилиши бошланган “Ўзметкомбинат” АЖ 1944 йил 5 март куни ишга туширилган бўлиб, ўша йили дастлабки пўлат, орадан икки йил ўтиб эса биринчи прокат олинган. Тошкент вилояти Бекобод шаҳрининг сўлим Сирдарё соҳилида қад ростлаган корхона қора металлар прокати ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик корхона ҳисобланади. Корхона томонидан айни пайтда нафақат металлургия маҳсулотлари, балки қурилиш материаллари ва халқ хўжалиги моллари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Жумладан, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган электрод, ҳар хил ўлчамдаги сим ва арматура, базальт асосида иссиқлик сақловчи маҳсулотлар мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларида кенг фойдаланилаётир.
Корхона истиқлол йилларида равнақ топди. Комбинат фаолияти ривожида айниқса, сўнгги йиллар туб бурилиш йили бўлди. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги “Ўзметкомбинат” АЖнинг 2018-2020 йилларга мўлжалланган ривожланиш Дастури тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, инвестиция дастури асосида комбинатда ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи қурилди. Жанубий Кореянинг “Posko Daewoo” ва “SAC” компанияси иштирокида фаолияти йўлга қўйилган мазкур цехда йилига 15 минг тонна ферросилиций, 10 минг тонна ферросиликомарганец ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон металлургия комбинати авваллари ферросилиций ва ферросиликомарганецни чет элдан ҳар йили 17 миллион долларга сотиб олишга мажбур бўлган. Янги ишлаб чиқариш қувватининг ишга тушиши комбинатга катта миқдордаги валютани тежаш имконини берди.
Маълумотларга кўра, жорий йил комбинатнинг йилига 1 миллион тонна қўшимча пўлат лист ишлаб чиқариш имконини берувчи қуюв-прокат комплекси фойдаланишга топширилади.
Йирик инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига корхонада 400 дан зиёд янги иш ўрни яратилиб, 2021 йилда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 2,1 миллион тоннага етказилади.