“Совғалар карвони” болажонларга қувонч улашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасасига “Совғалар карвони” хайрия акциясининг совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Совғалар карвони”да кўришда нуқсони бўлган болалар таҳсил оладиган мактаб интернатлари учун замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари ва Брайль алифбосида чоп этилган босма ҳамда аудио китоблар тақдим этилмоқда. Самарқандлик болалар учун жўнатилган совғаларни вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи в.б. М.Ибодуллаев топширди.

–Мактабимизда 256 нафар кўришда нуқсони бўлган болалар таҳсил олади, – дейди 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасаси директори Султон Бобоқулов. – Аммо уларда китоб мутолааси, мусиқа ва спортга қизиқиш жуда юқори. Бугунги совғалар ўқувчиларимизни ғоят хурсанд қилди. Айниқса, Брайль алифбосидаги бадиий адабиётлар, миллий чолғу асбоблари ва спорт жиҳозлари келтирилганидан ўқувчиларимиз қувончи чексиз. Байрам болалар учун ширинликларсиз татимайди. “Совғалар карвони”да келган ширинликлар ўқувчиларимизга Янги йил олдидан байрамона кайфият улашди.

“Совғалар карвони” келаётганини эшитган ўқувчилар кичик байрам дастури ташкил қилишган экан. Тадбир ўқувчиларнинг шеър ва куй-қўшиқларига уланди.

– Бу ерда билим олишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди мактабнинг 12-синф ўқувчиси Файзулла Мардиев. – Шу боис, фан, спорт ва санъат йўналишларида турли танлов ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётган ўқувчилар жуда кўп. Мен ўзим шашка бўйича уч карра жаҳон чемпиониман. Бугун мактабимизга спорт жиҳозлари келтирилганидан янада хурсанд бўлдим. Келгусида ҳам мактабимиздан кўплаб чемпионлар чиқишига ишонаман. Бизга мана шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётганларнинг барчасига раҳмат.