“Қопқоқларни одамлар ўғирлаб кетармиш...”
Бу жиддий масала.
“Яширмаймиз, боқимандаликни даволаб бўлмайди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлариям рост. Авваллари ҳам бор эди шундай тоифа одамлар, нима бўлсаям давлат мени боқиши, таъминлаши керак, деган номаъқул даъво уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳой оғайничалиш, тўрт мучанг соппа-соғ бўлса, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиб ишла, деб кўринг-чи, балога қоласиз, ёқангизга ёпишади...”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалиловнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Боқимандалик балоси” сарлавҳали материалида ана шундай мулоҳазаларни ўқишингиз мумкин. Муаллифнинг фикрича, қарийб беш ойлик маънавий ва иқтисодий синовлар одамларни ғалвирдан ўтказяпти. Айниқса, маҳалла-кўйдаги ҳақиқий инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар ва хўжакўрсинга, оқсоқолнинг “темир дафтар”и рўйхатига тиркалувчи доимий танишлар ҳақида ижтимоий тармоқларда бежиз бонг урилмаяпти. Тўғри, “Саховат ва кўмак” жамғармаси пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларини хайрия маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга баҳоли қудрат ҳаракат қилаётганини ҳеч ким инкор қилолмайди.Бироқ савол туғиладики, махсус қарорларга кўра эҳтиёжмандлик мақомига лойиқ деб кўрилган оилалар рўйхати қандай шакллантириляпти? Бу жиддий масала. Чунки бизда ҚФЙ ёки МФЙ деган тузилма ўз ҳудудида яшовчи аҳоли ҳақида тўлиқ маълумот-тасаввурга эга, деган нотўғри қараш шаклланиб қолган...
... Агар мамлакатда солиқлар оширилиб, тадбиркорлик субъектлари ёки бошқа турдаги фаолият турлари учун лицензия, сертификат ва рухсатномалар олишда кўзда тутилмаган харажатлар кўпайса, хом ашё олиш учун харажатларни расмийлаштиришда турли тўсиқ ҳамда қийинчиликларга дуч келинаверса, бу омиллар “яширин иқтисодиёт”га йўл очади.
“Халқ сўзи” газетасида чоп этилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Самадовнинг “Яширин иқтисодиёт”нинг “оёғига болта уриш”га тайёрмисиз?” сарлавҳали мақолада ушбу мавзу қаламга олинган. Муаллифнинг фикрича, “яширин иқтисодиёт”ни камайтириш учун “Инсофли солиқ тўловчи” тизимини мукаммал шакллантириш лозим. Бу — давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори, маслаҳатчисига айлантириш дегани... Қолаверса, коррупциянининг олдини олишда энг самарали йўл, бу, шубҳасиз, инсон омилига чек қўйишдир...
“XXI asr” газетасида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жияновнинг “Қопқоқларни одамлар ўғирлаб кетармиш...” сарлавҳали материали берилган. “Депутатлик мақоми мени халққа янада яқинлаштирди, — деб ёзади муаллиф. — Аҳоли манфаатлари учун яшаш, ишлаш завқидан куч олишим рост. Ким биландир тортишаман, қайсидир мутасадди ила тил топишаман... Буларнинг барчаси мурожаатларнинг ечими учун. Шу йўсинда айни кунга қадар кўплаб муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилдим... Қайсидир мутасадди яхши кутиб олса, бошқасининг қоши чимирилади. Фаолиятим давомида аҳоли оғирини енгил қилиш истагида не-не амалдорларга юзланмадик. Бироқ “Сувоқова” ДУКнинг Андижон вилояти бошқармаси “бошқача” чиқиб қолди...
“Қишлоқ ҳаёти” газетасида эълон қилинган “Тупроққалъа — келажак сари дадил қадам” сарлавҳали мақолада янги ташкил этилган Тупроққалъа тумани ва унинг истиқболи ҳақида сўз юритилади. “Воҳага биринчи келган меҳмон адо бўлмас қумликларни кўриб Хоразм фақат қумликлардангина иборат экан-да, деган хулоса чиқариши табиий, — дейилади мақолада. — Аммо Амударё бўйларига яқинлашганингиз сайин теварак-атрофни яшиллик қоплай бошлайди. Ана шунда ўзингизча мўъжиза кашф этгандай бўласиз. Олдинлари воҳага кириб келишингизда сизни биринчи Ҳазорасп тумани шаҳру қишлоқлари қаршилаган бўлса, эндиликда сиз янги ташкил этилган Тупроққалъа туманига рўбарў келасиз...”
... Айни кезда абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларини интиқлик билан кутмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккабвазиятдан келиб чиқиб, ўқишга қабул қилиш ҳамда имтиҳон тартибида муайян ўзгаришлар жорий этилди. Мазкур жараёнда илмга чанқоқ ёшларни қатор саволлар қизиқтирмоқда...
“Vatanparvar” газетасида босилган “Тест синовлари: мутахассис нима дейди?” сарлавҳали материалларда ана шу мавзудаги саволларга Давлат тест маркази бош мутахассиси Жамшидбек Одиловнинг жавоблари берилган.
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uzманзилида кутиб қоламиз.