Қўмондон ёшлар билан учрашди
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ёшлар ойлиги
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Ёшлар ойлиги” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашди. Тадбирда Хоразм вилояти ёшлари ҳам видеоконференцалоқа орқали онлайн тарзда қатнашди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
– Давлатимиз раҳбарияти томонидан сиз, ёшлар учун катта имкониятлар яратилмоқда. Ҳар бир йигит-қиз қизиқишидан келиб чиқиб, олдига аниқ мақсадни қўйиши керак. Қайси касб эгаси бўлманг, биринчи навбатда юртга садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилишга ҳаракат қилинг. Ота-онага, жамиятга, давлатга керакли инсон бўлишга интилинг. Кўпроқ китоб ўқинг, зеро китобдан яхши дўст йўқ, – дея ёшларга самимий маслаҳат берди қўмондон.
Полковник Фарҳоджон Шерматов Президентимиз раҳбарлигида миллий армиямизда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун халқимиз ва армиямиз ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатилгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил ҳаётга тайёрлашда ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийларининг ўрни беқиёс бўлаётганини таъкидлади. Қисқа вақт ичида ҳарбий объект инфратузилмаларини янгилаш, армиямизни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутлашда улкан ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
Тадбирда қўмондон қорақалпоғистонлик ва хоразмлик ёшлар саволларига ҳаётий мисоллар билан жавоб қайтарди. Нима учун айнан Ватан ҳимоячиси касбини танлагани ҳақида гапириб берди.
Суҳбат давомида ёшлар келажакда албатта, юртга фидойи ва жонкуяр инсон бўлиб камол топишга, Ватанга керакли бўлишга ваъда беришди.
Энг фаол ёшлар ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан рағбатлантирилди.
– Қўмондон билан суҳбат давомида Нукус шаҳар санъат ва маданият коллежининг торли ва зарбли асбоблар йўналишини тамомлаганимни, сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаганимни ҳамда келгусида ҳарбий оркестрда хизмат қилишга бўлган иштиёқимни айтдим, – дейди нукуслик Муҳаметдин Разатдинов. – Менинг қизиқишимни олқишлаган қўмондон ҳарбий хизматга чақириш учун менинг ҳужжатларимни тез кунда ўрганиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганида жудаям қувондим.