“Моҳитобон” яъни “ой юзли” пир
Бухоро азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган кўҳна гўша. Бу заминнинг оҳанрабоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради.
Бухоро азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган кўҳна гўша. Бу заминнинг оҳанрабоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради.
Минглаб сайёҳлар бу шариф гўшада тарих билан юзлашади. Инсониятнинг асрлар оша яшаб келаётган эзгу тутумлари, маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, уларнинг моҳиятида ётган умумбашарийлик, боқийлик сирларини англашга уринади. Ислом дини пешволари, алломалари, азиз авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилишга ошиқади.
Бухоро Етти пир макони. Давлатимиз раҳбари Бухорога ташрифи чоғида инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш ушбу заминда не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилганини таъкидлар экан, улар мангу қўним топган масканларни янада обод этиш, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида тегишли кўрсатмалар берган эди.
Етти пир – Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади.
Манбаларда Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни севиш ғояларини тарғиб қилган. Ушбу азиз авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.
Етти пирнинг иккинчиси – Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий (Моҳитобон) Шофиркон туманида жойлашган.
Хожа Ориф Ревгарий милодий 1166 йилда Бухородаги Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида туғилган. Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси ҳисобланади. Манбаларда келтирилишича, мазкур зот ўрта бўйли, ой юзли, кўзлари катта-катта, қошлари ингичка ва ҳилолдек, қизғиш рангли киши бўлган. Вужудидан хушбўй ҳид таралган. Улуғ валийлардан бўлиб, илм, ҳилм, зуҳд, тақво, риёзат ва ибодат аҳлидан бўлган.
Ориф Ревгарий узоқ йиллар Абдухолиқ Ғиждувонийдан тасаввуф таълимотини ўрганган. Улар Ғиждувон билан Шофиркон ўртасидаги Ройибинон қишлоғида учрашиб, суҳбатлашган. Ғиждувонийнинг тўртинчи ўринбосари сифатида устоз вафотидан сўнг хожагон силсиласини бошқарган.
Хожа Ориф Ревгарий “Моҳитобон”, “Пешвойи орифон” сифатлари билан таърифланган. “Қутбул авлиё”, “Валийлар йўлбошиси” унвонларига сазовор бўлган. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга устозлик қилган. Пири комил юз йилдан ортиқ умр кўрган.
Бугунги кунда Етти пирнинг муқаддас қадамжоларини янада обод қилишга қаратилган ишлар авжида. Уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилмоқда. Вилоятнинг иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, ноёб гуллар ўстириляпти. Сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳмонхоналар, чойхоналар, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этиляпти.
Зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган йўллар реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма шаклланаётир. Муҳташам маданий объектлар қурилиб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқлари яхшиланмоқда.
Хусусан, Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон) меъморий мажмуаси ҳам қайта реконструкция қилинди. Атрофи ободонлаштирилди. Ободонлаштириш ишларига 20 миллиард сўм маблағ сарфланди. “Моҳитобон обод қурилиш” қурилиш ташкилоти томонидан олиб борилган ишлар самарасида мажмуа кўркам ва обод зиёратгоҳга айлантирилди.
Қарийб беш гектарлик ҳудудда турли мевали ва манзарали дарахтлардан иборат боғ, гулзор, меҳмонхона, минора, масжиду таҳоратхона, музей барпо этилди. Мақбара айвонлари реконструкция қилинди. Бу ердаги ҳар бир объект миллий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида зиёратчиларга ҳар томонлама қулай қилиб тикланди. Сув тиндириладиган ҳовуз ярим ой шаклига монанд. Гуллар ҳам ҳилол шаклида экилган. Бу хушсурат пири комилнинг “Моҳитобон” яъни “ой юзли” дея шарафланганига ишорадир.
Автомашиналар учун махсус автотураргоҳ бор, атрофга ўриндиқлар ўрнатилди ва фаввора қурилди. Бу эса зиёратгоҳга ўзгача файз бахш этмоқда.
Айни пайтда зиёратгоҳ мамлакатимизда жорий қилинган карантин туфайли ёпиқ. Ишонамизки, зиёратгоҳ тез фурсатда яна зиёратчиларни ўзига чорлашни бошлайди.