«Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан»
Бугун матбуотда
«Ҳар қандай фарзанд, қизми-ўғилми, кўнглида севинч жўшганда ёки бошига синов тушганда, омади кулганда ёки ўпкаси тўлганда, биринчи бўлиб бош урар ери ота-онасининг уйи — бемалол, беминнат ҳадди сиғадиган даргоҳига боради. Аммо борганингда ота-онангнинг ўзи сиғинди ўтирган, ўзиники бўлмаган жойда омонат яшаётган бўлса, у ерга на қувончингни, на қайғунгни олиб бороласан. Мум тишлаб бориб, тош тишлаб қайтасан...»
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Носиржон Жўраевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган «Ҳар бир замон ўз тарихини яратади» сарлавҳали мақоласи ана шундай мулоҳазалар билан бошланган. “Ижарада яшаганлар билади — ҳар ойлик ҳақини вақтида тўлаб турсанг ҳам, негадир ҳеч чеҳранг очилиб яшаб бўлмайди, нимадир юрагингни ғашлаб тураверади, — деб ёзади муаллиф. — Ёзувчилар уюшмасининг ҳам 84 йил ўз уйи бўлмади. Гарчанд Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Зулфия даврасидан бошланган авлод ва ундан кейинги ҳамма ижодкорлар тақдирига тенг шерик бўлиб келса ҳам, минглаб адабиётлар туғилишига доялик қилган бўлса ҳам, ўзининг «тўрт синчли, икки деразали» уйи бўлмади...”
«Халқ сўзи» газетасида Ботир Мадиёровнинг «Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан» номли мақоласи чоп этилган. Муаллифнинг таъкидлашича, бу масалага кўпчилигимиз дуч келганмиз: энг яқин одамингиз дарддан қийналиб, бемажол нигоҳи билан сиздан ёрдам кутади. Юрагингизни ҳовучлаб дорихонага югурасиз, лекин сотувчи «бу дори тугаб қолган эди-я», дея елка қисади. Бундай пайтда имконсизликдан ҳам ортиқ азоб, дард йўқ!.. Оиласи бошига ташвиш тушиб бошини қайси деворга уришни билмай юрган инсонларнинг бу ҳолатидан фойдаланиб қолишга уринадиган устомонлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, улар бегона эмас, сизу биз билан ёнма-ён яшайди. «Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан» деганларидек, ундай тоифадагилар халқнинг ташвишидан фойдаланиб, жарақ-жарақ пул ишлашга ҳаракат қилиши пайт пойлаб кўзингизга чўп суқиб олиши билан баробардир...
«... Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19 та ҳолатда оилавий шароитнинг оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3 та ҳолатда уй-жой олиш, 9 та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 та ҳолатда моддий манфаат учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда, — дейилади Нурулло Насриевнинг »Куч — адолатда« газетасида босилган »Одам савдоси — аср муаммоси« сарлавҳали мақоласида. — Чақалоқ савдоси жиноятида иштирок этган шахсларнинг 10 нафарини ёки жами воситачиларнинг 32 фоизини тиббиёт соҳаси вакиллари ташкил этади. 2019 йилда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар 72 нафар шахс томонидан содир этилган бўлиб, шундан 62 нафари, яъни 86 фоизини аёллар ташкил қилади. Одам савдоси билан шуғулланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва уларни судгача олиб боришда тегишли соҳа мутахассисларининг билими ҳамда тажрибаси етишмайди. Шу сабабли одам савдоси билан боғлиқ 710 та мурожаатдан бор-йўғи 94 таси бўйича жиноят иши очилиб, 137 нафар айбдорга нисбатан қонуний чоралар кўрилган...»
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг биринчи саҳифаси филология фанлари доктори Улуғбек Ҳамдамнинг «Ойбекнинг жуфт қаноти» сарлавҳали ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов ва Лола Ўроқованинг «Хазина ичидаги хазина» номли мақолалари билан бошланган. Ички саҳифалардан Туроб Ниёз шеърлари ҳамда Тўлқин Ҳайитнинг «Бемор» номли ҳикояси ўрин олган. Шунингдек, «Бахтиёр Назаровнинг назари», «Шеър мажнуни», «Шум бола»да кўришгунча!.." номли мақолалар ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмаса керак.
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.