Пойтахт марказидаги хоналари кенг, шифтлари баланд хонадонлар
Бу ерда сиз истаган катталикда, хоҳлаган кенгликда, шифт-томлари ҳам турли баландликда бўлган хоналарни танлаб харид қилишингиз мумкин.
Boulevard турар жой комплексида ҳам яхшигина шарт-шароитлар яратилади. Бу уйларда хоналар яшаш учун жуда қулай, эркин жойлаштирилади, дизайнерлар уларни юксак дид билан безашади. Бу ерда сиз истаган катталикда, хоҳлаган кенгликда, шифт-томлари ҳам турли баландликда бўлган хоналарни танлаб харид қилишингиз мумкин.
Қайд этиш лозим, малакали мутахассислар ўз ишини яхши билишади. Шу сабабли квартиралардаги хоналарнинг ҳар бир тарафи, девори, бурчаги аниқ бир хизмат кўрсатишга мослаб лойиҳалаштирилган. Комплексда, шунингдек, идора ва корхона офислари, меҳмонхоналар бинолари қад кўтаради.
“Central Plaza” эса Ўзбекистонда биринчи бўлиб "Park Inn by Radisson" бренди билан қурилаётган меҳмонхона бўлиб, унинг ҳудудида 4 қаватли shopping-mall биноси, ҳамда “А” классдаги юксак савияда хизмат кўрсатадиган кўп функцияли юқори қаватли 5 та бино жойлашади. "Radisson Hotel Group" – дунёдаги энг йирик меҳмонхоналар тармоғидан бири бўлиб, дунёда 1400 дан ортиқ меҳмонхоналар тизимига эга. Ҳозир МДҲ ҳудудида фақат "Park Inn by Radisson"га тегишли 24 та меҳмонхона ишлаб турибди.
Бу ерда турли идораларнинг офислари, бассейн, фитнес-маркази, кафе ва ресторанлар жой олади. Бу бинолар қурилишига “Lotus Gas Invest” номли масъулияти чекланган компания инвестиция киритган. Лойиҳалар компаниянинг тажрибали мутахассислари томонидан тайёрланган. Биноларнинг бош пудратчиси Туркиянинг “Marcopol” компаниясидир.
“Tashkent City” савдо кўнгилочар марказининг лойиҳаси ҳам Туркиянинг “Öncüoğhlu Architects” компанияси мутахассислари томонидан яратилган. Мазкур марказнинг бош пудратчиси Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси. Лойиҳа бўйича Бизнес-комплексда умумий майдони 224 минг 914 квадрат метр бўлган 5 қаватли “Tashkent Mall” савдо-кўнгилочар маркази, баландлиги 119 метр бўлган 28 қаватли, иккинчисининг баландлиги 128 метр бўлган 31 қаватли меҳмонхона биноси ҳамда юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида резиденция, 27 қаватли бизнес-марказ қад кўтаради.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Tashkent City” бизнес-марказининг кўпчилик иншоотлари қурилишига четдан катта миқдорда инвестициялар киритилаяпти. “Tashkent City” комплексининг “Tashkent Mall” савдо-кўнгилочар маркази қурилишига Германияни “Hyper Partners Center” компанияси маблағ ажратган. Яна бир қулайлиги шундан иборатки, савдо-кўнгилочар марказидан “Пахтакор” метро станциясига борадиган ер ости чиқиш йўли ҳам очилади.
“Nest One” – Ўзбекистонда, Марказий Осиёда ҳам деяверинг, биринчи, маҳобатли, кўркам ва энг баланд – осмонўпар бино бўлади. Бу бино “Tashkent City” бизнес-маркази Бош концепциясида назарда тутилган. Бино ўзининг мақсади, мазмуни бўйича ягона ва ниҳоятда ўзига хос бетакрор бўлади. “Nest One” биноси концепциясини яратишда Япониянинг машҳур Nikken Sekkei компанияси мутахассислари иштирок этди.
Бино 266,5 метр баландликка бўй чўзади. NEST ONE – бино номини таржима қиладиган бўлсак: “Осмон ягона, унга қараб интилинг, у барча учун баробардир” деган маънони англатади. NEST ONE Тошкентдаги Юнусобод телеминорасининг 2 қаватли “Коинот” ресторанлари ер сатҳидан 122,5 метрга, иккинчисидан эса 128,5 метрга баланд. “Tashkent City” комплексининг қурилиши билан Тошкентда Ўзбекистон пойтахтини томоша қиладиган янги сайёҳлик нуқталари пайдо бўлади. Бу бинода биринчи бор Ўзбекистонда ер сатҳидан чорак километр баландликда эрталаб нонушта қилиб, кечқурун меҳмон кутишингиз мумкин бўлади.
Беш юлдузли, 21 қаватли Hilton меҳмонхонасининг баландлиги – 95 метр. Меҳмонхонада 258 хона – номер бўлиб, улардан 8 таси олий тоифадаги давлат ва жамоат раҳбарлари, президентлар ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар учун махсус қурилган бир неча хоналардан иборат люкс номерлардир.
45-50 қаватли бинолар Марказий Осиёда биринчи бор қад кўтармоқда. Қурувчи, лойиҳачиларимизнинг ҳам бу соҳада ҳали етарлича тажрибаси йўқ. Сити қурилиши Ўзбекистон шароитида ана шундай кўп қаватли маҳобатли уйлар барпо этадиган қурувчи, ишчи-мутахассисларни, миллий маъморчилигимизни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бино қурилишига масъулияти чекланган Universal Packing Masters МЧЖ компанияси инвестиция киритган, лойиҳа Туркиянинг “Özgüven mimarlik” компанияси мутахассислари томонидан яратилган. Конгресслар маркази биносининг интерьерлари, залларининг жойлашиши Туркиянинг “Metex Design Group архитектура бюроси” томонидан яратилиб, барпо этилмоқда.
Сити бинолари юксак дид билан жойлаштирилмоқда. Улар гўё денгиз, уммонда сузиб кетаётган круиз лайнерларини эслатади. Бу ерда ресторан, кафе, фитнес марказидан ташқари, замонавий савдо расталари, концерт зали, тез ва сифатли медицина ёрдами хизмати ишлаб туради. Минора-биноларнинг пастки қаватларида офислар жойлашадиган бўлса, юқори қаватларида дам олиш, ҳордиқ чиқариш апартаментлари ўрин олади. Ишингизни тез ва сифатли бажаришингиз учун бу ерда барча шарт-шароит муҳайё этилади. Сабаби, бу ўзбек халқининг маданияти, маънавияти, тижорати, миллий ажойиб ахлоқ-одобининг жаҳон ишбилармонлари, тадбиркорлари, бизнеси олдидаги масъулияти, вазифаси, маданиятидир.
Ҳар бир бино бир-бирига ўхшамайдиган оригинал алоҳида кўринишга, шакл-шамойилга, қайтарилмас қиёфага эга бўлмоқда. Улар энг замонавий Ғарб архитектураси билан Шарқ – миллий, кўҳна мусулмон меъморчилиги намуналарини ўзида мужассамлаштиради. Шундай қилиб, Ўзбекистон пойтахти марказида турли халқаро компания, фирма, корпорация, идора, офислар лангар ташлайди, “Tashkent City” эса Ўзбекистон пойтахтида макон топган йирик тадбиркорлар, ишбилармон, корчалонлар шаҳарчаси бўлади.
Тан олиш керак, бизнесменлар мазали овқат, мева-чева, турли кўкат, салат, ичимлик таъмини яхши биладиган, жуда нозик дидли хўрандалар бўлади. “Tashkent City” ресторанлари таомнома рўйхатида ҳам Европа, ҳам Шарқ халқлари таомлари ва, албатта, ўзбек палови, кўк сомсаси, тандир кабоби, қайнатма шўрвасию қовурма лағмонлар бўлади. Дастурхонда қишин-ёзин узум, олма, шафтоли, ўрик, анор дейсизми, қовун-тарвуз дейсизми, барчаси муҳайё этилади. Бухоронинг қўли гул зардўзлари тилло ипи билан тиккан буюмлар, Наманган хонатласию банораслари, кулолчилик, заргарлик, қандолатчилик маҳсулотлари бисёр бўлади. Буларни меҳмонлар ўзи билан олиб кетишига ҳам имконият яратилади.
Бизнес марказдаги Хилтон меҳмонхонаси ва Конгресслар маркази қурилишига Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иштирокчиси, EMBRASʼ19 халқаро мукофотига сазовор бўлган “Akfa Dream World” МЧЖ компанияси инвестиция киритган.
Маҳобатли Конгресслар марказида йирик давлат ва жамоат арбоблари иштирокида долзарб мавзулардаги халқаро тадбирлар ўтказиш, олий даражада музокаралар олиб бориш учун барча электрон-техник имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратилган. “Tashkent City” мега-лойиҳанинг умумий қиймати 1,4 миллиард доллар бўлиб, бу ерда қилинаётган барча ишлар амалга ошгач, икки йилда кетган харажатларни оқлаб, даромад келтира бошлаши режалаштирилмоқда.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, меҳмонхонада чақалоқлар ва уч ёшгача бўлган болалар ўзларига қўйиб берилган қўшимча кроватларда бепул ухлаши, улардан фойдаланиши мумкин. “Tashkent City” мажмуасида алоҳида мактаб ва мактабгача тарбия муассасалари ҳудуди бўлади. Ўқиш бу ерда эҳтиёжга қараб ўзбек, инглиз, рус, хитой, ҳинд ва ҳозирги кунда талаб, эҳтиёж катта бўлган Шарқ ва Европа тилларида олиб борилади. Таълим-тарбия жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади.
Бизнинг Ишбилармонлик марказимиз дунёдаги энг зўр, юқори малакали, юксак маданиятли, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатадиган марказ бўлиши умид қилинмоқда. Яна шуни таъкидлаш жоизки, жаҳондаги Сити шаҳарчалари ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича жуда катта рақобат мавжуд. Айтиш лозим, айрим ривожланган давлатлар иқтисодий-молиявий тараққиётининг асл сабаби, манбаи ҳам ана шунда!
“Tashkent City”да алоҳида савдо ҳудуди барпо этилади. Сифатли кўрсатилган хизмат, аввало кўп меҳнат ва, ҳайрон бўлманг, меҳр, қолаверса, албатта, нозик ва пухта ижодий ёндашувни талаб қилади. Бу хизмат, тан олиш керак, қиммат туради, лекин сифатли қилиб бажарилган иш узоқ муддатга яхши таассурот қолдиради. Демак, Тошкент-ситида кўрсатилган хизмат дунёнинг энг йирик шаҳарларидаги энг зўр Ситилардаги хизматдан ҳам юқорироқ ва сифатлироқ бўлиши, зўрроқ ижобий таассурот қолдириши керак. Шундагина тадбиркор, ишбилармон, бизнесменда яна Ўзбекистонга, Тошкентга, “Тошкент-Сити“га қайтиш хоҳиш-иштиёқи пайдо бўлади.
Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор.