Тўра Боболов: Сурхон воҳаси ҳали очилмаган қўриққа ўхшайди
Вилоятда 6 та пахта пахта-тўқимачилик кластери 49 минг 942 гектар ёки умумий пахта майдонининг 67,4 фоизида ғўза парваришлаб, 160 минг 249 тонна пахта етиштирди.
"Сурхондарё деганда, аввало, улуғ азиз-авлиёлар, алломаларга ватан бўлган, мард ва олижаноб, ориятли эл яшайдиган табаррук замин кўз ўнгимизда намоён бўлади. Кўҳна Зараутсой ва Тешиктош ғорлари, Боботоғ ва Бойсундаги петроглиф расмлар, Бақтрия ва Кушон каби давлатлар, Далварзинтепа, Кампиртепа, Холчаён сингари ноёб ёдгорликлар бу заминдаги қадимий цивилизация ва маданиятдан гувоҳлик беради".
Шавкат Мирзиёев
Сурхондарё вилояти – мамлакатимиз жанубидаги Афғонистон Ислом, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари билан чегарадош қадимий воҳа. 1925 йил Сурхондарё округи, 1941 йил вилоят сифатида ташкил этилган. Умумий майдони 20,1 минг квадрат километр. Айни пайтда Термиз шаҳри ва 13 та туманда 2 миллион 594 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган ҳудуд қадимдан сайёрамизнинг илм-фан, маданият, савдо, ҳунармандчилик марказларидан бири бўлган. Кўплаб олим ва фузалоларга бешик бўлган вилоят бугун барча соҳаларда дадил одимлаб, ўтмишдаги шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
– Тўра Абдиевич, 2019 йилда вилоят саноати ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга киритилган инвестициялардан кўнглингиз тўлдими?
– Кўнглимиз тўлиши учун воҳа аҳли, ҳар бир оила тўкин, обод, ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак. Мамлакатимиз дунёга янги қиёфада юзланган бир пайтда барча сайьи-ҳаракатларимиз ана шу мақсадга йўналтирилган. Шу маънода якунланган йилда воҳага киритилган инвестициялар салмоғи ўсгани аҳамиятлидир. Жумладан, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ўтган йили қиймати 2 триллион 249 миллиард сўмга тенг бўлган 455 та инвестиция лойиҳаси ўрнига 2 триллион 319 миллиард сўмлик 580 та лойиҳа амалга оширилди. Унинг 193 та ёки 1 триллион 500 миллиард сўмлиги саноатда, 473 миллиард сўмлик 168 таси қишлоқ хўжалигида ишга туширилди. 219 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келди. Бу инвестиция лойиҳалари эвазига 5 минг 200 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.
Жарқўрғон туманидаги “Сурхонцементинвест” хорижий корхонасининг цемент, Термиз туманидаги "Сурхон керамикс" масъулияти чекланган жамиятининг йилига 2 минг дона керамик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "SURXON FRUITS FREZER" масъулияти чекланган жамиятининг 4500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхонаси, Термиз шаҳридаги "Комфорт мебель сервис" масъулияти чекланган жамиятининг қуввати 1 минг дона мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси, Жарқўрғон туманидаги "Жасур агромаш сервис МТП" масъулияти чекланган жамиятининг йилига 5 минг метр куб гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонаси, Термиз шаҳрида "ZIF TEХTILE" масъулияти чекланган жамиятининг 1 йилда 6 минг 750 дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 107,2 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирган эдик. Амалда 160 миллион доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиб, саноат соҳасида 42 та лойиҳа бўйича 104 миллион, қишлоқ хўжалигида 42 та лойиҳа бўйича 41 миллион доллар ва хизмат кўрсатиш соҳасида 22 та лойиҳа бўйича 15 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бу сармоянинг 49,1 миллион доллари Буюк Британия, 34,7 миллион доллари Афғонистон, 20,2 миллион доллари Австрия, 14, 1 миллиони Россия, 12,8 миллион доллари Тожикистон, 9,1 миллион доллари Хитой ва 20 миллион доллари бошқа давлат инвесторларига тўғри келди.
Термиз шаҳридаги "Комфорт мебель сервис" масъулияти чекланган жамияти
Бу лойиҳаларнинг барчаси саноат ёки қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилмагани, ижтимоий соҳани юксалтиришга бел боғлаган инвесторлар ҳам тўғридан-тўғри сармоя киритиб, шу тармоқни ривожлантираётгани ва янги иш ўринлари яратаётгани эътиборга моликдир. Мисол учун, ўтган йили Туркия давлатининг “Alles Sag’lik group” компанияси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Термиз шаҳрида замонавий диагностика лабараториясини ташкил этди. Давлат хусусий шериклик асосидаги ушбу лойиҳага мувофиқ энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган марказда 300 га яқин қон таҳлилларини амалга ошириш имконияти яратилди.
– Об-ҳаво инжиқ келган 2019 йилда вилоятда пилла, ғалла, мева-сабзавот, полиз каби маҳсулотлар етиштиришда салмоқли ютуқларга эришилди. Пахтадан ҳам ўтган йилларга нисбатан кўп ҳосил йиғиб олинди. Биринчидан, соҳада даромад, деҳқонларнинг моддий манфаати қандай бўлди? Иккинчидан, сизнингча пахтачиликда кластер усулининг ўрни сезилдими?
– Пахтачилик соҳасида, ҳақиқатдан ҳам 2019 йилда вилоят деҳқонлари учун синов йили бўлди. Ғўза вегетацияси даври, яъни ҳосил тўплаш фазасида ҳароратнинг кескин ошиб кетиши, сурункали 50-60 кун 40 даражадан юқори бўлган иссиқ ҳарорат сақланиб тургани, айрим кунлари эса кучли гармсел натижасида тўпланган ҳосил элементлари йўқотилди.
Об-ҳаво ҳароратининг кескин ошиб кетиши оқибатида 93 минг гектар майдонга экилган пахтадан 234 минг 500 тонна ўрнига 221 минг 611 тонна ҳосил йиғиштириб олинди. Ўртача ҳосилдорлик қарийб 30 центнер бўлди.
Термиз туманидаги фермер хўжалиги
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пахтачиликдан 875 миллиард 857 миллион сўм даромад олинди. Пахта хом-ашёсини етиштириш харажатлари 751 миллиард 861 миллион сўмни, соф фойда 123 миллиард 996 миллион сўмни ташкил этди.
Вилоятда 6 та пахта пахта-тўқимачилик кластери 49 минг 942 гектар ёки умумий пахта майдонининг 67,4 фоизида ғўза парваришлаб, 160 минг 249 тонна пахта етиштирди. Гектарлар ҳосилдорлиги 32,1 центнерга етди. Демак, пахтачиликда кластер шакли об-ҳаво ва бошқа омилларнинг салбий таъсирини янгича ёндошув билан енгиб ўтиш мумкинлигини амалда исботлади. Соҳага бу усулнинг жорий этилаётгани улар томонидан қўшимча ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиниб, қишлоқ аҳолиси учун янги иш ўринлари яратилаётгани, ишончли даромад манбаи пайдо бўлаётганида ҳам кўзга ташланмоқда. Денов туманидаги “Сурхон сифат текстиль” пахта-тўқимачилик кластери йилига 15 минг тонна ип йигирув ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаларини барпо этди. Жарқўрғон туманидаги “Термиз Жайхун кластер” йилига 30 минг тонна чигитни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ёғ заводини ишга туширди. Мазкур корхона Музработ туманида жойлашган бўлиб, узоқ муддат ишламасдан тўхтаб турган эди. Вилоятнинг Олтинсой ва Узун туманларида ўз фаолиятини олиб бораётган “Шашмохкашоб” пахта тўқимачилик кластери йиллик қуввати 6 минг 300 тонна ип йигирув корхонасини ишга туширди.
Пиллачилик тармоғида ҳам кластер тизими ўзини оқлаётир. Мавжуд 3 минг 500 гектардан ортиқ тутзор кластер усулида "Сурхон Ипаги" масъулияти чекланган жамияти ва “Интер Силк Про” қўшма корхонасига пиллани қайта ишлаш корхоналарига бириктирилган. Пилла хом ашёсини қайта ишлаётган мазкур корхоналар тут плантацияларини реконструкция қилиб, янги тутзорлар барпо этмоқда. Ўтган йили пиллани Хитой тажрибаси асосида плёнка остида боқиб, озуқа сарфининг тежалашига эришди. Хориж тажрибасидан келиб чиқиб, йилнинг тўрт мавсумида хом ашё етиштириш йўлга қўйилгани ҳосилдорликни оширишда муҳим ўрин тутаётир. Ўтган йили воҳада 27 минг 300 қути ипак қурти парваришланиб, 1 минг 800 тоннага яқин ҳосил олинди. Бу аввалги йилга нисбатан 240,5 тоннага кўпдир.
“Интер Силк Про” қўшма корхонаси
Қишлоқ хўжалигида кластер усулининг жорий этилаётгани замонавий хориж тажрибаларини ўрганиб, уларни ўзимизда қўллашда яхши самаралар бераётир. Чунки, бу жараёнда кластернинг асосий даромад манбаи етиштирилаётган ҳосил салмоғига боғлиқ бўлмоқда. Шунинг учун ҳам келажакда қишлоқ хўжалигининг ғаллачилик, сабзавотчилик ва бошқа тармоқларида ҳам бу усулни жорий этишни режалаштириб олганмиз.
Шу ўринда айтишим керакки, якунланган йилда ғаллакорларимиз 93 минг гектар майдонда бошоқли дон етиштириб, олдинги йилга нисбатан 41 минг 200 тонна кўп ёки 532 минг 526 тонна ғалла ишлаб чиқарди. 167 миллиард 180 миллион сўм соф фойда олди. Йиғиштириб олинган доннинг 231 минг тоннаси ғаллакорларимиз учун иш ҳақи ва мукофот тариқасида ўзларига қолдирилди.
Ўтган йили 1 минг 380 тоннага яқин сабзавот, 264 минг тоннадан ортиқ полиз, 180,4 минг тонна мева, 112,6 минг тонна узум, 16,7 минг тонна дуккакли маҳсулотлар, 2,7 минг тонна шоли йиғиб олинди. Ҳудудларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг маҳаллий бозордан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинди.
– Тўра Абдиевич, узоққа бормайлик: бундан уч йил аввал ҳам Сурхондарё боқиманда вилоят, деган гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинар эди. Якунланган йилда бу борада қандай ўзгаришлар юз берди?
– Аслида вилоятнинг боқиманда ҳудуд бўлгани йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий юксалишимизга ўз таъсирини ўтказиб келган, десак муболаға бўлмайди. Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2016 йилда маҳаллий бюджет ҳаражатлари 1 триллион 639 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, шунинг 815 миллиард сўмдан ошиғи республика бюджетидан қопланган. Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ҳисобига олинган даромадлар 823, 2 миллиард сўмни ташкил этган. Бундан 3-4 йил олдин маҳаллий бюджетга ортиқча тушимнинг ўзи йўқ эди. Вилоятдаги бирон муаммони мустақил ҳал этиш учун ҳокимлар ихтиёрида қўшимча маблағ бўлмаган. Шу сабабли муаммолар кўп, уларни ечишнинг имкони йўқ эди. Табиийки ҳоким ечмоқчи бўлган масала бўйича маблағни пойтахтдан сўрашга мажбур бўлар эди.
Вилоят ҳокимининг Термиз шаҳридаги сайёр қабул жараёни
Президентимиз ғояси билан кейинги уч йилда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг жадал ривожланиши, йирик-йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилиши вилоятни босқичма-босқич боқимандаликдан чиқаришга қулай муҳит яратди. Бунга ўтган йилги бюджет даромадлари 2 триллион 117 млрд. сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга, 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ортаётгани яққол мисолдир. Ёки 2016 йил якуни билан маҳаллий бюджетга қўшимча даромад 7 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2017 йил 62 миллиард сўм, ўтган йил бюджет даромадларини ошириб бажариш ҳисобига 350 миллиард сўм маблағ қолди.
Бу маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳудуддаги мавжуд иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиб, сув таъминотини, ички йўлларни, мактаб, боғча, тиббиёт муассалаларини таьмирлаш ва жиҳозлаш каби муҳим масалаларни мустақил ечиш имкониятини яратди.
– Вилоят аҳли, айниқса хусусий сектор вакиллари сизни самимий, чуқур мулоҳазали, ташаббускор, ноҳақликка муросасиз ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган раҳбар сифатида билади. Айтингчи, ўтаётган йилда тадбиркорлар сиздан кўпроқ қанақа масалаларни ҳал этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат этди ва уларнинг ечими қандай бўлди?
Хусусий тадбиркорлик бу эртанги кунимизнинг ишончли кафолати, бюджет даромадлари, бандлик масаласи, аҳолининг товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжининг қондирилиши, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгариши деганидир. Лўнда қилиб айтганда эса аҳоли кайфияти тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг қай даражада ривожланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Давлатимиз раҳбари таькидлаганларидек, “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкинлигини барчамиз бирдек англаб олишимиз зарур”.
Вилоят ҳокими сифатида мен тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқот қилишни, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишни ва фаолиятини ривожлантиришни ўзимнинг асосий бурчим, деб ҳисоблайман.
Вилоят ҳокимининг Ангор туманидаги сайёр қабул жараёни
Ҳафтанинг ҳар жума куни секторлар ва соҳага масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида вилоят ҳокимининг тадбиркорлик қабулини ўтказаман. Тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман) ҳамда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур институтлар ҳам соҳадаги муаммоларни бартараф этишга салмоқли ҳисса қўшаётир.
Президентимиз томонидан кейинги уч йилда соҳага оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорликнинг ривожланишига салбий таъсир этадиган кўплаб тизимли муаммолар бартараф этилганини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ўтган йили бевосита ўзимга тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келдимки, ҳозир тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим муаммо бор. Биринчидан, ер ажратиш иккинчидан, кредит бериш масаласи.
Тадбиркорларимиз шуни тушуниб олишлари лозимки, бундан буён, ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора, барча учун тенг шароитлар яратилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилади. Бу бўйича очиқ тизим яратилди.
Термиз шаҳридаги "Сурхон Ипаги" масъулияти чекланган жамияти
Кредит бериш ҳам соддалаштирилиб, республика, вилоят тижорат банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам бериш бўйича янги тартиб жорий қилинмоқда.
Ортда қолган йил давомида ўтказилган тадбиркорлик қабулларида 495 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 518 та муаммоли масала ўртага ташланди. Бундан ташқари 687 та тадбиркорлик субъектидан ёзма, электрон, оғзаки ва ишонч телефонимиз орқали мурожаатлар келиб тушди. Бу мурожаатлар ечимини шахсан ўзим назоратга олиб, ижросини доимий муҳокама этиб бордим. Натижа уларнинг аксариятига ечим топишга эришдик. Албатта, жорий йилда ҳам бу борадаги ишларни изчил давом эттирамиз.
– Вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида келгусида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожини қандай тасаввур қиласиз?
Биласизми, ҳар бир инсоннинг реал даромадли иш жойига эга, воҳанинг ер ости ва ер усти бойликлари сифатли қайта ишланиб, дунё бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган, хорижлик сайёҳларнинг йил бўйи қадами узилмайдиган, осмонўпар иншоотларга бой осуда, обод, ҳудуд сифатида тасаввур қиламан. Бироқ, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Лекин, асосий эътиборни вилоят иқтисодиётини чуқур таркибий қайта ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш, аҳоли даромадларини кескин ошириш ва юқори турмуш шароитларида яшашини таъминлаш вазифаларига қаратаман. Шу мақсадда вилоятнинг табиий бойликларидан унумли фойдаланган ҳолда саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, туризмни соҳасини юксалтириб, туристик маршрут ва оқимларни кенгайтириш ҳисобига хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини яхшилаш, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт хизмати кўрсатишни янада ошириш, уй-жой-коммунал хизматлари кўрсатиш даражаси ва сифатини тубдан такомиллаштириш, аҳолини сифатли ичимлик суви ва оқова тизими билан таъминлаш, шаҳар ва туманларни комплекс ва мутаносиб равишда ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали хорижий сармояларни фаол жалб этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун мавжуд ерлардан самарали фойдаланиб, замонавий интенсив технологияларни жалб қилган ҳолда экпортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини янада чуқур қайта ишлашга эришиш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, аҳолига тиббий, таълим ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришни муҳим вазифа, деб биламиз.
Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти
Келинг, гапим қуруқ бўлмаслиги учун шу ўринда битта мисол келтираман: Биз 2020-2022 йилларда 900 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни мўлжаллаяпмиз. Ана шу режа доирасида Жанубий Корея давлатининг "NCG Engineering Co LTD" компанияси Шеробод туманида йилига 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарадиган заводини ишга туширади. Туркиянинг “Azom Enerji Mühendislik İnşaat Ticaret Limited Şirketi” компанияси 100 гектар ер майдонида лимончилик кластерини ташкил этади. Бу шу йўналишдаги лойиҳаларимизнинг иккитаси, ҳолос. Бошқа тармоқларда ҳам ана шундай замонавий йирик қувватларнинг барпо этилиши воҳани бюджети барқарор вилоятга айлантириб, меҳнаткаш, ҳалол одамларининг янада тўкин, фаровон ҳаёт кечиришида муҳим ўрин тутади, деган фикрдаман. Чунки, Сурхон воҳаси ҳали очилмаган қўриққа ўхшайди. Фақат ундан оқилона, тўғри фойдаланиб, бу ердаги бойликларни инсон манфаатларини таъминлашга йўналтириш зарур. Энг муҳими бунинг учун ҳудудда етарли имконият ва қулай муҳит яратилди. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Янги йил билан муборакбод этаман. 2020 йил мамлакатимиз учун янада серфайз, ютуқларга бой бўлишини тилайман!
Раҳмат, самимий ушбу тилакларингиз ўзингизга ҳам йўлдош бўлсин!
ЎзА мухбири Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ суҳбатлашди
Аввал хабар берганимиздек, www.uza.uz сайтига келган саволларга Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев жавоб берган эди.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов саволларга жавоб беради.
Сайтимизни кузатиб боринг!