ЎзА Ўзбек

06.11.2019 Чоп этиш версияси

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (7-қисм)

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (7-қисм)


Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.


photo5337266257587710929.jpg

Россия элчихонасига мурожаат

VII қисм

... 2019 йил 20 август. Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчиси отам ҳақида Россия архивларида сақланаётган ҳужжатларни сўраб, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси номига хат йўлладим.


photo5337266257587710930.jpg

ПОСОЛЬСТВО РОССИЙСКОЙ ФЕДЕРАЦИИ, ТАШКЕНТ, УЗБЕКИСТАН

Чрезвычайному и Полномочному Послу

Российской Федерации в Республике Узбекистан

Госп. Тюрденеву Владимиру Львовичу

Уважаемый Владимир Львович!

Я обращаюсь к Вам, как к полномочному представителю государства, которое является правоприемником СССР, с просьбой помочь разыскать сведения о моем отце и о маршруте боевых действий воинов 1278 стрелкового полка 87 стрелковой дивизии Советской Армии от Сталинграда до село Ряженое Матвеева-Курганского района Ростовской области, поскольку на последнем письме «трёхугольнике» сложенный из листков клетчатой ученической тетради от отца в 1943 году была печать Сталинграда. Затем мы получили извещение о том, что наш отец «пропал без вести».

С уважением, Ирисмат Абдухаликов

Хатга жавоб келди.

From:ИрисматАбдухаликов [mailto:abduxoliqov.i@uza.uz]

Sent:Tuesday, August 20, 2019 6:09 PM

To:tashkent@mid.ru

Subject: 55

Уважаемый Ирисмат,

На Ваше письмо высылаем сведения из архива о Вашем отце, размещенные на следующих сайтах:https://pamyat-naroda.ru; https://obd-memorial.ru.

Более подробную информацию можно получить, обратившись напрямую в Центральный архив Минобороны России по адресу: ул. Кирова, 74, Подольск, Московская обл., Россия, 142100

С уважением, Посольство РФ в РУ

Tuesday, August 20, 2019 6:09 PM

To: tashkent@mid.ru

Элчихонанинг жавоб хатида, отамнинг Иккинчи жаҳон урушида, интернетдаги ҳужжатда ҳамда Олмаотада босилиб чиққан китобда қайд қилинишича, 87-ўқчи дивизиясининг 1278-ўқчи полкида хизмат қилганлиги ва 1943 йил 21 февраль куни Ростов вилояти Матвеево-Қўрғон туманидаги Ряженое қишлоғи учун бўлган жангда ҳалок бўлганлиги, архивларда сақланаётган ахборотлар асосидаги илгариги маълумотлар тасдиғини топди.

Падари бузрукворимизнинг армияга чақирилганидан 77 йилдан кейин, у ҳам бўлса, оиламизнинг ташаббуси, қатъий сўрови бўйича, собиқ иттифоқнинг меросхўри бўлган Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси номидан келган узоқ кутилган, биринчи ва ягона, расмий, қимматли электрон жавоб олинди. Яна мураккаб ҳислар қоплайди юрагимни. Адолатли ғазаб ва аламимдан нима дейишимни ҳам билмай, мусулмон эмасмиз-ми: “ҳеч кимнинг бошига тушмасин!”, … дея эҳтиросимни жиловлайман. Лекин ҳисларнинг, хотиранинг, мавзунинг муқаддаслигини, айримларда эса қонун, мажбуриятларни қўя турайлигу, оддий инсонийлик, адолат, масъулият ҳисси йўқлиги кишини азобга солар экан.

Сталинград жангидан омон-эсон чиққан отам Жанубий фронт 87-ўқчи дивизияси аскарлари сафида фашистларни Европа томон қувиб, қарийб ярим минг километр жанг қилиб, шаҳар ва қишлоқларни озод этиб, Ростов областининг Матвеев-Қўрғон районининг Ряженое қишлоғидаги душманларни йўқ қилиш учун жангга киришади.

Фашистлар бу ерда бўлиб ўтган шафқатсиз отишмаларда Сталинград қамалидаги шармандаларча мағлубияти учун қасос олмоқчи бўлишган. Бизникилар эса бўш келмай янада қаттиқ жанг қилишади. Ва 1943 йил февраль ойининг бошларида отам хизмат қилган Жанубий фронт 87-ўқчи дивизиясининг 1278-ўқчи полки аскарлари Ростов шаҳрини ва Дон дарёси атрофидаги катта бир ҳудудни фашистлардан озод қилишади.

1943 йил 21 февраль куни Ростов вилоятининг ўша Матвеев-Қўрғон райони Ряженое қишлоғи учун бўлган шафқатсиз жангда 150 аскар қаторида отам, ўқчи аскар Абдумалик Абдухолиқов бундан 77 йил муқаддам 35 ёшида ҳалок бўлади.



photo5337266257587710931.jpg

Лекин, ҳеч ким, бунга тааллуқли бўлган ҳеч бир идора, Россия элчихонасидан биз сўраб олган электрон хатдан ташқари, ҳанузгача бизга расмий хабар берганлари йўқ. (Менга ўхшаганлар қанча, деган фикр ўтади хаёлимдан. Интернетни титкилайман. Ўзбекистондан 132 минг 670 киши бедарак йўқолган. Уларнинг қанчаси тақдири аслида қандай бўлганлигидан қариндошлари бехабар бўлса керак, деган хаёлга бораман. Ўзбекистондан энг камида тўрт юз минг оила бевосита айрилиқ азобига дучор бўлди, деган яна бир маълумотни топаман).

Инсонлар ҳаёти, уларнинг умри, Ватан ҳимоячиларининг тақдири ишониб топширилган ўша пайтда мамлакатдаги сиёсий тузум ва собиқ совет амалдорлари масаласи алоҳида мушоҳада, муҳокама, таҳлил ва таклифларни талаб қилади. Тушунаман, қирғинбарот уруш кетаяпти. Портлаётган бомбалар, снарядлар, гранаталар, пушкалардан темир-пўлат панжалари билан тирик-ўликни ажратмай отиб, босиб бораётган танклар жангга кирган, окопда бўлган жангчиларни тиш-тирноғигача қуролланган душман босиб, янчиб, шудгор қилиб ташлаган. Балки, бундай аҳволда жангдан кейин ҳам ҳеч ким ҳеч нарса топа олмаса керак, ҳеч қандай ҳужжат сақланиши мумкин эмасдир, барчаси қийма-қийма бўлиб, ёниб кул бўлиб кетди, дейиш мумкин.

Аммо, қаранг-ки, қўлёзмалар каби ҳужжатлар ҳам инсоннинг тарихи, тақдири каби ёнмас экан, одатдаги 40 йилдан кейин эмас, етмиш йиллардан кейин бўлса ҳам отамнинг ва нафақат отамнинг, бошқа жангчиларнинг шахсларини тасдиқловчи ҳужжатлар топилди-ку. Яхшиям-ки, икки-уч авлод ўтиб бўлса ҳам ана шу жанглар содир бўлган ҳудудлардаги шаҳар ва қишлоқларнинг лицей, коллеж ва мактаб болалари Иккинчи жаҳон урушининг 70, 75 йилликлари муносабати билан ота-боболарининг қаҳрамонликлари ҳақида баёнлар, иншолар, рефератлар ёзишмоқда. Бизнинг отамиз ҳақидаги маълумот шундай пайтда топилди. Лекин нега шу пайтда Улуғ Ватан уруши, муқаддас уруш деб, сафарбар этган идоралар, она Ватанни ҳимоя қилишга даъват этган олий раҳбарият, уларнинг меросхўр давомчилари, Иттифоқ тарқалгандан кейин уларнинг ваколатини бўйнига олган бугунги ҳукумат, расмий, ҳарбий идоралар сукут сақлашади?!

Россия Мудофаа вазирлигининг Подольск шаҳридаги ҳарбий архивида қанчадан-қанча маълумотлар чанг босиб ётибди. Нега бедарак кетганларнинг оилаларига улар ҳақида сақланаётган аниқ маълумотларни илгари Совет, ҳозир эса ҳудудида шу архивлар сақланаётган Россия ҳукумати расмий равишда бермайди? Ахир дунёни фашизм вабосидан сақлаб қолган, гулгун ёшидаги турмуш ўртоғи, отаси, акаси, укаси, амакиси, тоғасини йўқотган минг-минг оилаларнинг бунга ҳаққи ҳам муқаддас-ку! СССР тарқалгандан кейин мана, яна чорак асрдан зиёд вақтдан буён ҳам ўша ҳужжатлар худди қамоқдагидек темир сандиқларда қамалиб ётмаяптими? Кўпчилик, айниқса, уларнинг турмуш ўртоқлари ҳақиқатдан бехабар бўлиб, оламдан ўтиб ҳам кетишди-ку?!

Беловеж Шартномасининг: “Россия – Совет Иттифоқининг меросхўри” деб, унинг бундан кейинги барча масъулияту мажбуриятларини расмий тан олганлигига қанча бўлди ва бунга қандай қарашимиз керак?!

Султон суягини хор қилмайди. Мен ҳар йили онам қазо қилган кун, отам урушда ҳалок бўлган кун деб 9 майда Тошкентдаги Минор мозоридаги қабрлари узра ҳовлимизда ўсаётган қордек оппоқ, қондек тўқ қизил атир гуллар дастасини қўяман. Сўнгги бир неча йил эса 21 февраль куни ҳам бориб, акаларим билан бирга: “Биз сизлардан бир умрга миннатдормиз!», деб ёзиб қўйилган қабр тоши узра гуллар қўйиб, Қиблага қараб отамга ва ярим асрдан кўп отамнинг дийдорига интизор бўлиб, ҳақиқатни билмай ўтиб кетган муштипар онамга бағишлаб дуолар ўқиймиз.

Отамнинг жангда ҳалок бўлган куни маълум бўлгандан 70 йил ўтиб, яна бир оилавий ҳақиқат юзага чиқди: "Э...воҳ! Мен энди тушундим”, деди Абдумажит акам, – шу куни содир бўлган воқеани эслаб. 1943 йили... сен бир ҳафталик бўлган эдинг, негадир тўсатдан чириллаб йиғлай бошладинг, ҳеч ҳам тиндириб бўлмади. Бу холатинг узоқ чўзилди. Чақалоқ йиғисини эшитиб, қўшнимиз Қурбон келинойи кирдилар, табиб Моҳира аяни чақирдик. Уларнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмади. Очиғини айтсам, бўлди, ўлиб қолади, нима ҳам жони бўларди етти кунлик чақалоқнинг, деб ўйлади ҳамма. Эй! Бори Худой-ё, ҳамду санолар Сенинг қудратингга, сен 14 февралда туғилгансан-а, деб менга нигоҳини тикди акам. Демак, шу куни 21 февралда отамиз жангда ҳалок бўлган экан. Сен етти кунлик чақалоқ эдинг. Бу Аллоҳнинг қудрати, отамнинг арвоҳи сенинг фариштангга хабар етказган шекилли. Мен энди тушундим шу куни нима содир бўлганига, – деди 77 йилдан сўнг ёдига тушган бу воқеадан кўзлари чақнаб, ўнг чаккасидаги қон томирини ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан силар экан 85 ёшли Абдумажит акам.

1942 йил 17 июль куни Сталинград фронтининг 62-й и 64-й армиялари аскарлари Чир ва Цимла дарёлари атрофида 6-немис армиясининг тиш-тирноғигача қуролланган отрядлари билан тўқнаш келди.

19 ноябрь куни Жануби-Ғарбий фронтнинг генерал Н.Ф.Ватутин бошлиқ ҳамда Дон фронтининг генерал К.К.Рокосовский бошлиқ қўшинлари ҳужмга ўтишади. Жон-жаҳди билан кўрсатилаётган қаршиликка қарамай, улар душманни қамалга олишга муваффақ бўладилар. Натижада немисларнинг беш дивизияси тор-мор қилиниб, тирик қолганлари асирга олинади. Шундай қилиб, Сталинградда фашизмнинг томири қирқилади. 1943 йилнинг 2 февраль куни душманнинг сўнгги гуруҳи тор-мор қилинади ва Сталинград жанги совет армиясининг ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бўлган Иккинчи жаҳон урушида биргина Ўзбекистоннинг ўзидан 133 мингга яқин жангчи бедарак йўқолган. Иккинчи жаҳон урушида жасорат ва матонат намуналарини кўрсатган минглаб ўзбек жангчиларининг хоки-пойи Сталинграддан тортиб то Берлинга қадар бўлган масофада абадий макон топган.

Сайтимизни кузатиб боринг. (Давоми бор)



2 805
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА