ЎзА Ўзбек

05.11.2019 Чоп этиш версияси

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (6-қисм)

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (6-қисм)


Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига 

Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Дунёни ларзага келтирган Сталинград жанги...

VI қисм

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. Ўзбекистонликлар 62-, 63-армия ва бошқа взвод, полк, дивизиялар сафида туриб тарихий Сталинград жангида қаҳрамонона жанг қилдилар. Жанглар энг авжига чиққан пайтда Самарқандда ва Фарғонада тузилган 90- ва 94-ўқчи бригадалар Сталинградга етиб келиб жангга кирган эди. Бу бригадалар асосан ўзбек йигитларидан тузилган бўлиб, командирлар орасида С.Нуриддинов, В.Умаров, А.Муродхўжаев, Ф.Норхўжаев ва бошқалар бор эди. 21-отлиқ аскарлар дивизиясининг баланд жанговар руҳда жанг қилишида дивизия комиссари, кейинроқ генерал-майор унвонига эришган Муллажон Узоқовнинг хизмати бениҳоят катта бўлган. 128-гвардиячи Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси аскарлари душманга қарши шиддатли зарбалари билан шуҳрат қозондилар.

photo5335014457774026061.jpg

1942 йил 23 август куни Сталинград аввал авиация томонидан бомбардимон қилинади, ортидан душманнинг 500 танки шаҳарга бостириб киради. Тарихчиларнинг гапи бўйича, 4,5 ой давом этган бу жангда шаҳарга 1 миллион бомба ташланган. Ҳар икки томондан қарийб 2 миллиондан одам ҳалок бўлган.

Немис қўшинлари сентябрь ойида шаҳар ичига бостириб кирадилар. Лекин совет жангчилари шундай мардона турадиларки, бирон-бир кўча, уйни босиб олиш осонликча рўй бермайди, минг-минглаб қурбонлар ва ҳафталаб, ойлаб, дақиқалари асрларга тенг вақт, муддат кетар эди.

Сталин номи билан аталувчи бу шаҳарни йўқ қилиш учун Гитлер Германияси қўшинлари бор куч-қудратини ташлаб, жон-жаҳди билан ҳужумга киради. Осмондан тушган бомбалару, пушка, артиллериялардан отилган снарядлар портлаб вайрон бўлиб, немис ва совет жангчилари ўртасида қолган шаҳар марказидаги кўп қаватли якка бир уйни бир неча кишидан иборат бўлган совет жангчилари қаттиқ ҳимоя қилишади Шу битта уйга немисларни яқинлаштирмай икки ой мобайнида мудофаачилар қўлдан чиқармайди. "Павлов уйи" деб юритиладиган бутун дунёга машҳур бу бино Иккинчи жаҳон уруши тарихига совет жангчиларининг мислсиз жасорати, матонати, қаҳрамонлиги рамзи бўлиб кирди.

“Павлов уйи”ни ҳимоя қилган ўзбек жангчиси Камолжон Турғунов урушдан кейин суратга олинган “Легендарний редут” ("Афсонавий истеҳком") ҳужжатли фильмида бир этак (78 нафар) ўғил ва қиз набиралари олдида туриб: “Мен Сталинград учун бўлган жангларда қанча қуролдош дўстларимни йўқотган бўлсам, шунча фарзанд кўришга қасам ичганман", деб ярим аср аввал айтган сўзларини эслаган эди.

Сталинграддаги машҳур "Павлов уйи"ни мудофаа қилишда қатнашган ўзбек йигити Камолжон Турғунов ўзининг мотоўқчилар ротаси билан душманнинг 400 аскар ва зобитини қириб ташлаган, 230 та немис аскарини асир олган ва кўпгина қурол-аслаҳани қўлга туширган наманганлик йигит Мамасоли Жабборов, 400 дан ортиқ аскарни пулемётда отиб ер тишлатган бухоролик мерган Ҳаитов жасорати Сталинград жанги солномасидан муносиб ўрин эгаллаган. Ўзбекистонлик жангчилардан 2 минг 738 киши “Сталинград мудофааси учун” медали билан мукофотланган.

Биламан, журналист ўзи ҳақида иложи борича кам гапириши ёки умуман гапирмаслиги керак. Лекин шундай дамлар ҳам бўлар экан-ки, хотирангда, қалбингда узоқ йиллар қатланиб ётган ун, дард, алам ҳеч нарсага қулоқ солмай, ичингдан чинқириқ бўлиб чиқиб кетар экан. Таҳлил қилиш, хулоса чиқариш, бир фикрга келиш қобилиятига эга бўлган ақл, онг билан йўғрилган эҳтирослар оғушидаги ана шу хотира қўлингни, бармоқларингни маҳкам ушлаб, дардларингни қоғозга туширишга мажбур қилар экан. Лекин, шахсий мавзу, хусусий эҳтиросларингнинг қули бўлиб қолиш хавфидан қўрқасан, киши. Айтсам тилим, айтмасам дилим...

Окопда сиёҳли қалам учини лаблари билан ҳўллаб ёзган учбурчак шаклидаги отамдан келган хатда: “Жангга кириб кетяпмиз. Кўп ёзишга вақт йўқ. Омон чиқсам, хабар қиламан. Хайр!”, дейилган эди. Бу отамдан келган сўнгги хат бўлди. Хатда уруш йиллари дунёни ларзага солган Сталинград фронтининг муҳри турарди.

1943 йили онамнинг номига келган хатда “... турмуш ўртоғингиз, отанглар Абдумалик Абдухолиқов бедарак йўқолди” деб ёзилган эди.

Оиламиз шу хатни олганига ҳам мана 77 йил бўлаяпти. Оғир хаёлларга толасан. Эзиласан. "Бедарак кетди" деганининг ўзи нима, деб ўйлаб қоласан.

Бу – аскар жангда ҳалок бўлиб, қурбон бўлганлар орасида унинг изи топилмади, дегани-ми? Ёки қуршовда қолиб ярадор ҳолда асирга тушди, дегани-ми? Яна, Худо асрасин, асирга тушиб соғ қолгану душман унинг номини ошкор қилмаяпти, деганимикан? Ёки Ватан ҳимоясига, ҳаётини ҳам қурбон қилишга чорлаган идоранинг, давлатнинг, ҳукуматнинг буткул ожизлиги, масъулиятсизлиги-ми бу?

photo5335014457774026062.jpg

Иккинчи жаҳон урушининг энг қонли жангларида бутун дунёни ҳайратга солган Сталинград жанги қатнашчиларининг жасорати билан матонати, улар орасида менинг отам ҳам бўлгани, лекин отам иштирок этган бу жангларнинг тафсилотлари шу кунга қадар маълум эмаслиги менга тинчлик бермасди. Волга дарёси бўйида бўлиб ўтган жанглар тўғрисида бир гапни айтмай ўта олмайман. Сталинград устига ёғилаётган авиация бомбалари, артиллериядан узлуксиз отилаётган ракета ва снарядлар натижасида бу ерга ташланган жангчилар ўрта ҳисобда бори-йўғи бир неча соатгина, айрим аскарлар эса бир неча дақиқа ёки сониягина тирик бўлишган холос. Шаҳарни қўлдан бермаслик, душманни даф қилиш учун совет шаҳарларидан Ленинград билан Сталинград мудофаасига ўнлаб дивизия, полк, рота ва взводлар ташланган эди. Еру кўкни ағдар-тўнтар қилиб, гўё баҳайбат пўлат эритиш қозонларидан сачраб чор-атрофни ёндириб, куйдириб, ларзага солаётган бомба, граната, ўқ ва пўлат парчаларидан уларнинг деярли ҳаммаси ҳалок бўлишган. Саноқлигина тирик қолганлари орасида, Аллоҳга минг карра шукрлар бўлсинким, менинг отам ҳам бўлган экан, дейман Сталинграддан келган хатни эслаб.

Урушдан кейин 50-йилларда, Сталин вафотидан сўнг хизмат муддати тугаганлар ҳам, асирга тушганлар ҳам, чет ёки совет ГУЛАГларида ўтирганлар ҳам ўз уйларига қайтиб келишди. Бизнинг падари-бузрукворимиздан дарак йўқ эди.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керак-ки, аскарнинг Ватан озодлиги йўлида урушда қандай жанг қилганлиги ёки қандай вазиятда вафот этгани жуда муҳим, оила учун, фарзандлари учун, қариндош-уруғлари, кейинги авлодлари учун ва, албатта, Ватани учун. Одатда бу кўпинча фахр-ғурур, юксак обрў, қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор, айрим ҳолларда эса бу азоб-уқубат, изтироб, ор, номус, маҳалла-кўйда бошни кўтариб юриш масаласидир. Бу унинг оиласи, фарзандлари истиқболига ҳам сўзсиз ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Тасаввур қила оласизми, қарийб 70 йил мобайнида қанақанги чигал, мураккаб ҳислар бизнинг, қариндош-уруғларимизнинг асабларини қақшатганини?! Бунга ким жавоб бериб, ким аниқлик киритиши керак, дейман бугун.

photo5334843565320285373.jpg

Катта акам Абдумажит қирғин-барот жанглар бўлиб ўтган ва ер билан яксон қилинган Волга бўйидаги отамдан сўнгги хат келган Сталинградга бориб, ҳайкалтарош Вучетичнинг қўлида қилич кўтарган “Она Ватан чорламоқда!” ҳайкали пойига гуллар қўйиб, шу ерда жонини фидо этган аскарларнинг исми-шарифларини бирма-бир синчиклаб ўқиб чиқди. Шу ерга онамнинг опалари – Мопия холамнинг қизи Ирисбуви опам билан куёви Ўсканбой акам ҳам борганларида қидиришди. Улар ҳам топганлари йўқ. Бедарак кетган эмасми, демак, Сталинград шаҳрига осмондан ёғилган авиация бомбалари ёки катта калибрли даҳшатли пушка снарядларининг, окоплардан отилаётган гранаталарнинг портлашлари натижасида бутун жисми-жасади кул бўлиб, ер-тупроқ бўлиб кетган деган хаёлга ҳам бордик. Катта акам таркибида тупроққа қараганда темири кўп бўлган Сталинград еридан жигар рангдаги бир сиқим тупроқ олиб келди. Тошкентдаги Минор қабристонидаги онам қабрига рамзий қилиб қўшиб қилинган қабрга шу бир сиқим Сталинград тупроғини ташладик.

Мен отамни қидириб, ўзбеклар жанг қилган Украина шаҳар, қишлоқларига бордим. “– Мана, мана бу окопларда, ишонмайсизлар, оёқларига автомобиль покришкаларидан ковуш қилиб кийиб олиб, қўлларида ёғоч милтиқлар* билан немис танкларига қарши туришган ўртаосиёликлар, – дейишди. – Фашистлар буни кўриб мазах қилишиб окоп устиларига келиб кўптоннали танкларини бир айлантириб тириклай кўмиб кетишар эди уларни, дейишди украин кампирлари. (Аста-секин мени узоқ йиллар қийнаб келган бир мудҳиш саволга жавоб топаётгандек бўламан, хорижлик тарихчи-мутахассислар гоҳида: – Нима сабабдан Иккинчи жаҳон урушида бошқа давлатларга қараганда энг кўп қурбонлар Советлар томонидан бўлган? деб сўрашади. Мутахассис эмасман, тасдиқлай ҳам олмайман, инкор ҳам этмайман, лекин мушоҳада қилишга, англашга, сўрашга, суриштиришга менинг ҳам маънавий ҳаққим, таҳлил қилиш хуқуқим борлигини англаб турибман.)

photo5334843565320285374.jpg

*Бу маълум мутасадди шахслар, махсус идоралар билган, лекин совет халқларининг хабари бўлмаган Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли реал ҳақиқатларидан бири.

– Биз, ёш қизчалар ана, анаву ўрмон дарахтлари ортидан қараб турар эдик бу мудҳиш воқеаларга, деб гапириб бердилар украин кампирлари.

Йўқ, тополмадим бу ерларда ҳам отамнинг номларини. Украинадан ҳам бир сиқим тупроқ билан беш-олтита отилган ўқ патронларини олиб келиб, Минордаги онамнинг қабрида отамга ҳам рамзий қилиб қўйилган қабрларига қўйдик уларни. Балким шу ердадир отамнинг суяклари, деб Қуръон тиловат қилдик Украина ерида.

Онам қазо қилганларидан кейин бир йил ўтиб, Минор қабристонидаги онамнинг қабри узра қўйиладиган хотира тошига отамнинг ҳам исм-шарифини ёзиб қўйдик. Падарибузрукворимизнинг туғилган ва вафот этган йилларини тошга тушириб, қазо қилган кунини, у пайтда номаълум бўлгани учун “9 май” деб битдик.

Битта қабрдан униб чиққан икки дона гул...

Ота-онам қабрлари узра бир йилдан кейин содир бўлган воқеа мени ларзага солди. Отамни излаб Сталинградга бориб келган Мопия холамнинг қизлари Ирисбуви опам билан поччамиз Ўсканбой акам Чимкентдан келишиб:

– Ўғилой холамизнинг қабрларини зиёрат қиламиз, – дейишди. Бу қабр тоши қўйилганидан роппа-роса бир йил кейин 9 май – Хотира ва қадрлаш куни эди. Биз қабр ёнига келдик. Мармар тошдаги онам, отам тасвирларини кўрдигу, қотиб қолдик. Не кўз билан кўрайлик-ки, қабр ичидан кўзни қамаштирадиган, бандлари узунгина икки дона чиройли гул ўсиб чиқиб, шамолда майин силкиниб турарди. Ёқамни ушлаб, ҳайратга тушганимдан кўзларим катталашиб сўзлай олмай қолдим. Қабр ёнида, ёки унинг чет-атрофида, бошқа жойларида ҳам эмас, нақ қабрнинг ичидан бир ҳам эмас, бир нечта ҳам эмас, гўзаллиги жаннат гуллари билан беллашадиган икки дона зангори дала гули бизга қараб маъюс жилмайиб турар эди.

photo5334843565320285375.jpg

Бир маҳал:

– Ирисмат, гул экканмидинг қабрга? – деб сўради Ирисбуви опам.

– Йўқ!.. Ё пирим-эй, Худонинг қудратига қаранг-а, отам билан онам нариги дунёдан: – “Фарзандларим, тинч бўлинглар, биз биргамиз!” – деб бизга белги беришмоқда-ку, – дедим уларга.

Лекин, деб ўйланиб қолдим:

– Бу дунёнинг ишларидан улар қандай қилиб хабар топишган экан?! – деган фикр ўтди хаёлимдан. Демак, нафақат биз уларни ёд этамиз, балки улар ҳам бизларнинг ҳолимиздан хабардор бўлишар эканлар-да, – деган хулосага келдим ичимда. Холамнинг қизлари ва Чимкентдаги катта домлаларнинг авлоди бўлган Ўсканбой акам билан Аллоҳга шукроналар айтиб, икки дона чиройли думалоқ кўкимтир гул силкиниб турган отам билан онам қабрлари тепасида Қуръон тиловат қилдик.

Ота-онам қабри узра ўзидан-ўзими, ёки кимнингдир иродаси билан-ми, икки дона анвойи гулнинг ўсиб чиқиш ҳодисаси менга қаттиқ таъсир қилди. Бутун ички дунёимни титратиб, у дунёю бу дунё ҳақида билган илгариги, айрим кўникма ва тушунчаларимни ағдариб юборди, десам бўлади.

Демак, яхши ният билан, Она ердан минг-минг чақирим олисда, узоқ ва совуқ Россияда шаҳид бўлган отамиз хотирасига Тошкентда онамизга қўшиб рамзий қабр тоши қўйиб тўғри қилган эканмиз. Мана, уларнинг арвоҳлари ҳам қўллаб-қувватлаётганликлари кўриниб турибди, деган хулосага келдим. Энди биз билиб-билмайдиган, ишониб-ишонмайдиган, қандайдир сирли, лекин ниҳоятда донишманд, меҳрибон, раҳмли ва айни пайтда қудратли ана шу пинҳоний кучлардан мен ич-ичимдан миннатдор эдим. Ким ўйлабди дейсиз бундай бўлишини, менинг ҳам шундай ғойибона ғамхўрим, меҳрибонларим бор экан-ку, деган хаёлга бордим. Ахир, у кучлар шаҳид кетган отам билан, бизни қолдириб кетганларига 2 йил бўлган нариги дунёдаги меҳрибон, раҳмли ва муштипар онам билан шу йўл билан бўлса ҳам мулоқотга киришдик-ку, – дейман ўзимга ўзим. Лол қоламан, ҳайрон бўламан, ич-ичимда қандайдир дард, алам, айни бир пайтда ҳайрат, қониқиш ва миннатдорлик ҳислари пайдо бўлади.

Ота-онам билан меҳрим қониб кўришгандек қабристондан чеҳрам очилиб, кўнглим ёришиб қайтдим.

Отамни қидириш давом этди. Ўртанча Абдували акам ўзининг “Ҳаёт довонлари” номли китобининг “Отам ўтган жанговар йўллар...” деб номланган бўлимида отажонимизнинг охирги кунлари ва отам ҳақидаги ҳужжатларнинг дастлабки биринчи бор топилиши тўғрисида шундай деб ёзади:

“Куёв болам Улуғбек, қизим Феруза ва катта набирам Сардорбек кўп изланишлардан кейин Буюк ғалабага бағишлаб ёзилган ва интернетга чиққан бир рефератда боболарининг урушда 87-ўқчи дивизия таркибида 1943 йили 21 февраль куни Россия Федерацияси Ростов областининг Матвеев-Қўрғон районидаги Ряженое қишлоғини озод қилишда бўлган жангда ҳалок бўлганлиги тўғрисида маълумот топишди".

Топган маълумотлардан қалбимиз бир қалқиб тушди, севиндик, уларни мушоҳада қилдик. Отам бори-йўғи 7 кунгина мен билан бу дунё ҳавосидан бирга нафас олган бўлиб чиқди. Мен 1943 йил 14 февралда туғилган бўлсам, отам интернет маълумотларига кўра, кўз очганимдан бир ҳафтадан кейин, 1943 йил 21 февраль куни жангда ҳалок бўлган экан.

photo5335014457774026064.jpg

Интернет... Ҳайрон бўлиб ёқангни ушлайсан киши, қадимда керакли муҳим ахборотларни хат орқали, газета, радио, кейин телевидение орқали олган бўлсак, энди бу маълумотларни, минг афсуски, ҳукуматдан, расмий ахборот воситаларидан эмас, интернетдан оласан экан. Илгари отанг – бозор, онанг – бозор, кейинроқ эса, онанг – ҳукумат, отанг – партия, дейишган бўлса, ҳозир онанг ҳам интернет, отанг ҳам интернет, бутун ахборот манбаинг – интернет бўлиб қолди, шекилли. Нима, ҳукумат барча жавобгарлигию масъулиятини, ҳатто инсоният тарихидаги энг қонли – Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар ҳақида уларнинг оилаларига зудлик билан етказиши зарур бўлган муҳим ахборотни ҳам эҳтироссиз, ҳиссиз, жонсиз интернетга ташлаб қўйганми?! Боз устига, интернетда берилаётган барча маълумотларга таяниб ҳам бўлмайди. Албатта, биз учун муҳим бўлган маълумотни берган бу техник мўъжизага, у – сим, қидирув тизими ва экрандан иборат бўлса ҳам чексиз миннатдормиз, лекин аслида биз ва бизга ўхшаган юзлаб, минглаб оилалар ҳукуматдан расмий хабар топиб, ундан миннатдор бўлиши керак эмасми-ди?!

Айтгандек, интернетда топган маълумотлар бир неча йил муқаддам Олмаота шаҳрида босилиб чиққан "Боздақтар" – "Книга памяти" нашрининг биринчи “А” ҳарфи қисмидаги отам тўғрисидаги маълумотлар билан бир хил бўлиб чиқди.

Уруш тугаганига 65-70 йилдан кўп вақт ўтиб, отам бедарак йўқолган эмаслиги маълум бўлди. Боз устига, барча ҳужжатлар ҳам йўқолмай, ҳарбий архивларда сақланиб ётган экан. Бундан хабар топиб, ҳужжатлар йўқолмаганидан ўзингда йўқ хурсанд ҳам бўласан, айни бир пайтда қаттиқ хафа бўлиб, гина-андуҳ ҳислари пайдо бўлади юрагингда. Эҳтиросларга берилиб нима дейишингни, кимдан ўпкалашингни билмайсан. Ўлдирган немис-фашистларданми ёки урушга олиб кетиб, уларнинг ҳалок бўлганлиги ҳақида ўз вақтида хабар беришни унутиб қўйган масъул ташкилот ва мутасадди шахсларданми?

Сайтимизни кузатиб боринг (Давоми бор).


2 384
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА