ЎзА Ўзбек

04.11.2019 Чоп этиш версияси

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (5-қисм)

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (5-қисм)
Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Соҳибжамол Зебо...

V қисм

Жасоратли гўзал ўзбек қизи Зебо Ғаниева уруш бошланганида 19 ёшида Москвадаги Луначарский номидаги давлат театр санъати институтида ўқиётган эди. Санъаткор бўламан, деб ният қилган нозик табиатли ўзбек қизини қонли уруш ва ана шу даврдаги шафқатсиз муҳит ўз қонун-қоидаларига бўйсундирди. Уруш бошланганини эшитган Зебо санъаткорлик олий ўқув юртидаги ўқишини ташлаб, ўқни душман ақли ва қалбига бехато текказишда ёрдам берадиган снайперлар мактабига кириб ўқийди.

photo5330097892746177596.jpg

Зебо Ғаниева 1923 йили 20 августа туғилди. Отаси озарбайжон, онаси ўзбек аёли эди*. 1937 йили 14 ёшида Зебо Тошкентга ўқишга келади ва Ўзбекистон филармониясининг хореография бўлимида таҳсил олади. 1940 йили Тошкентдан Москвага бориб, машҳур ГИТИС (Театр санъати Москва давлат институти)нинг актёрлик факультетига ўқишга киришга муваффақ бўлади.

 Мерган ўқчи маҳоратини ўрганган Зебо Ғаниева урушнинг биринчи кунларидаёқ минглаб совет ёшлари каби кўнгиллилар қаторида фронтга ёзилади. 1941 йили 3-Москва Коммунистик дивизия қўшинлари таркибида Қизил майдонда ўтган ўша машҳур парадда иштирок этади. Ҳарбий намойишдан сўнг у Москва марказидаги Бош майдондан тўппа-тўғри фронтга жўнайди.

Кўнгли нозик, санъатга мойил Зебо давр талаби билан моҳир снайпер, разведкачи бўлиб етишди. Уруш йиллари у 16 марта разведкага бориб, душман тўғрисида қимматли маълумотлар олиб келади. 1942 йил 23 май куни узоқдан туриб отадиган оптика дурбини ўрнатилган милтиғини Ленинград вилоятининг Молвотицкий районидаги Катта Врагово қишлоғида жойлашган немис гарнизони томонга қаратиш буйруғини олади. 19 ёшли ўзбек қизи 9 мерган снайпер аскар қаторида жангдан сўнг ортига қайтаётган душман танкчиларини ўққа тутади. Зебо милтиғини тиззасига қўйиб олиб бирин-кетин 6 фашистни ер билан яксон қилади. Шу пайтда қўшни йўналишда оғир аҳволга тушиб қолган кичик лейтенант Марченко штаб раҳбариятидан зудлик билан ёрдам беришларини сўраётган эди. 130-ўқчи дивизиясининг 528-ўқчи полки командири майор Павлов буйруғи билан Зебо Ғаниева 15 нафар мерган жангчи қаторида лейтенант Марченкога ёрдамга келади. Мерганлар гуруҳи йўлда уйлар вайронаси ортига беркиниб олган душман автоматчисининг ўқларига дуч келади. Зебо автоматдан тинмай ўқ ёғдираётган душман орқасидан ўтиб, уни отиб ўлдиради. Шу пайтда жангчиларимиз боши узра душман миномётдан яна снарядлар ёғдира бошлайди. Портлаётган снаряд парчаси Зебони ёнбошидан жароҳатлайди. Яхшиямки, Зебо бошлиқ мерганлар гуруҳи лейтенат Марченко жангчиларига ёрдамга келиб улгуришган эди. Душман қишлоқдан қувиб чиқарилади.

photo5332689192544742354.jpg

Биқинидан жароҳат олган кичик лейтенант Зебо Ғаниева тишини тишига қўйиб, қуролдош дўстлари Нина Соловей, Федор Кириллов ва Яков Коляколарни жанг майдонидан олиб чиқишга улгуради. Оғир ярадор бўлган 19 яшар Зебо самолётда (давлат тақдири ҳал бўлаётган ҳаёт-мамот уруши пайтида ҳар бир снайпер, ўхшатиш ўхшамаса ҳам айтаман, олтинга тенг эди) даволаниш учун Москвага жўнатилади. Госпиталда Зебонинг қони заҳарланганги маълум бўлади. У узоқ пайт ўлим билан курашади. Ниҳоят, уни даволаб оёққа қўйган катта ёшдаги ҳамшира аёл гўзал ўзбек қизи Зебога қараб: “Ҳар қандай аёл болани ўзида 9 ой олиб юради-я, мен сени 11 ой боқдим-а, болам”, деб 14 ёшида етим қолган Зебони бағрига босади.

1942 йилнинг 12 апрелидан 23 майига қадар 151-алоҳида мотоўқчилар разведка батальони разведкачи-мергани Зебо Ғаниева Чёрное, Лунево, Ожесцы ва Дягилево қишлоқлари атрофида 20 нафар, айрим маълумотлар бўйича 21 нафар душман офицери ва снайперини ўлдиради.

Зебо Ғаниева урушдан кейин меҳнат фронтида ҳам ҳормай-толмай хизмат қилди. Собиқ иттифоқнинг Туркия элчихонасидаги муваққат ишлар вакили Тофик Қодировга турмушга чиқди. Улар Марат Қодиров исмли фарзанд кўрдилар. Зебо тарих фани билан шуғулланди, филология фанлари номзоди, шарқшунослик фанлари доктори, профессор унвонларига сазовор бўлди. 1956 йилдан СССР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб ишлади.

photo5330097892746177594.jpg

Зебо Ғаниева “Москва мудофааси учун”, Қизил байроқ, Қизил юлдуз орденлари, 1985 йили Иккинчи жаҳон урушининг 40 йиллиги муносабати билан “Ватан урушининг 1 даражали ордени” билан мукофотланди.

Машҳур рассом Тоир Салахов билан бўлган суҳбатда Зебо Ғаниева унга: “Мен 129 фашистни ўлдирганман”, деб айтган эди. Москва остоналарида, шунингдек, ўзбекистонлик мерганлар Исоқов 354, Абубеков 229, Юсупов 132, Мадаминов 123 фашист аскар ва зобитини ер тишлатдилар.

“Москва мудофааси учун” медали билан 1753 нафар ўзбекистонлик жангчи мукофотланди. Москва ёнидаги жангда душман тор-мор этилди. Бу Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан буён ўтган икки ярим йил мобайнида советларнинг биринчи йирик ғалабаси, фашистларнинг эса дастлабки йирик мағлубияти эди. Бунга ўзбек жангчиларининг, ўзбек халқининг қўшган ҳиссаси ҳам беқиёсдир.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

ЎзА шарҳловчиси   

         (Давоми бор)

Сайтимизни кузатиб боринг.

6 071
ЎзА