ЎзА Ўзбек

01.01.2020 Чоп этиш версияси

Улкан мақсадларга катта жасорат керак (I қисм)

Улкан мақсадларга катта жасорат керак (I қисм)

Янги тарихнинг бир йили

I қисм

Яна бир йил якунланди... Йил аввалида қилинган режалар, ниятлар қай даражада рўёбга чиқди? Бу ҳар кимнинг ўзига, аниқроғи, ўз ҳаётини яхшилаш ва янгилаш йўлидаги изланиш ва интилишларига боғлиқ. Агар бир инсоннинг саъй-ҳаракати, меҳнати 33 миллиондан ортиқ тақдирга дахлдор бўлса-чи? Бу шунча қувончу ташвиш, шунча ўй-мақсад дегани. Бироқ уларни ягона ва муштарак мақсад – Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этиш истаги бирлаштириб туради. Шубҳасиз, бу улуғвор орзунинг рўёбига йўл очиш, имкон яратиш, куч беришнинг заҳмати оғир, машаққати кўп ва буни тасаввурга сиғдиришнинг ўзи қийин.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев учун Ўзбекистонни янгилаш, миллий юксалишни янги босқичга кўтариш ўз-ўзидан, осонликча бўлмаётгани аён. Бинобарин, ҳаёт бор экан, унинг кескин талаблари, ўткир муаммолари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши табиий. Лекин бугун бир ҳақиқатни катта фахр ва ифтихор билан айтишга тўла асосларимиз бор: давлатимиз раҳбари ҳар қандай қийин, оғир вазиятни ўнглаш, ўзгартириш ва янгилаш имконини ҳамиша топа олаяпти. Буюк келажакка, улкан мақсадларга ана шундай мустаҳкам ирода, қатъий азму шижоат, катта юрак керак. Ва, албатта, жасорат зарур. Президентимиз биргина 2019 йилги фаолияти мисолида буни бутун дунёга исбот эта олди. Унинг бу даврдаги оқилона сиёсати, ўнлаб янги ва муҳим ташаббуслари халқимиз ҳаётини янада яхшилади, Ўзбекистонни янгилади.

Келинг, яхшиси, бунга биргаликда назар соламиз.

“Замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этиш – олдимизга қўйган вазифаларни бажаришнинг асосий шартидир”

Президентнинг 2019 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида парламентга Мурожаатномасидаги таклифига асосан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқлаш тартиби жорий қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилди.

Олий Мажлис палаталарида суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмиталари тузилди.

Якунланган йилда Давлат бюджети илк бор кенг муҳокама этилиб, очиқлик ва ошкоралик руҳида қабул қилинди. Унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага ва қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилди.

Ўзбекистон тарихида илк бор фуқаролар ва депутатлар фикрлари асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди.

“Бугун биз Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз”

Парламент юқори палатасига мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта аёл киши раҳбар бўлди. Мамлакатимизда “гендер тенглик” тушунчаси энди табу эмас. Аксинча, аёл лидерлар масаласи кун тартибидан тобора мустаҳкам жой олмоқда.

Сенат-мажлиси.jpg

Президентнинг яна бир муҳим ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилди.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги фаолият бошлади.

invest.gov.uz инвестиция портали ишга туширилди.

65 давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди. 2020 йил 1 январдан улар сони 86 тага етади.

77 мамлакат фуқаролари учун электрон виза олиш имконияти яратилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Давоми бор.


4 867
ЎзА