Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссияси раҳбари билан учрашди
19:15 / 2021-10-22

Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) мамлакатимиздаги Президент сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Оуэн Мерфи билан учрашди.

Бюро Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг етакчи институтлари бири бўлиб, унинг фаолияти инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш масалаларини қамраб олади.

ДИИҲБ мамлакатимиздаги Президент ва парламент сайловларини кузатишда 1999 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. 2016 йил декабрь ойида Бюро илк бор Ўзбекистонга давлат раҳбари сайловини кузатиш учун ўзининг тўлақонли миссиясини йўллади.

Бу галги Президент сайловини кузатиш учун ҳам ҳудди шундай делегация Ўзбекистонга келди. Ушбу бирлашган халқаро миссия таркибига Бюродан, ЕХҲТ Парламент ассамблеясидан ва Европарламентдан кузатувчилар кирган.

Учрашувда демократик янгиланишларни амалга ошириш, сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларини такомиллаштириш, шунингдек, бўлажак муҳим сиёсий тадбирни халқаро норма ва стандартларга мувофиқ тайёрлаш ва ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзоднинг сайловолди платформасидаги устувор йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.