Бу ҳақда Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Бошқарма маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Ғайрат Авазовнинг таъкидлашича, йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича ер билан боғлиқ 1529 та қонун бузилиш ҳолати аниқланиб, 123 та ҳолат юзасидан маъмурий чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича судлар ва бошқа ваколатли органларга мурожаат қилинган. 389 та ҳолатда маъмурий ишлар тугатилган ва 954 ҳолат бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Мазкур ҳолатлар бўйича 12 миллиард 556 миллион сўм жарима қўлланилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган ўрганишларда 1127 та ҳолатда 363 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ер қонун бузилишига йўл қўйилганлиги кузатилди.
– Жумладан, 759 та ҳолатда 159 гектар ер уй-жой қуриш мақсадида эгаллаб олинган – дейди Ғ.Авазов. – Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан фуқаролар огоҳлантирилди ва 212 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ихтиёрий бўшатилди. Белгиланган муддатларда ихтиёрий бўшатиб берилмаган 148 гектар ер майдонлари бўйича ноқонуний қурилмаларни буздириш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича суд идораларига даъво аризалари ва прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилган.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА