Баъзи инсонлар ортларидан шундай ёрқин из қолдирадики, бошқалар ҳам беихтиёр улар каби бўлишга, кўп ишларда улардан ўрнак олишга интилади. Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Республикаси композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, биринчи ўзбек аёл композиторларидан бўлган истеъдодли Зумрад Тўйчиевадир.
Зумрад Тўйчиева ижоди тўғрисида китоблар ёзиш, эсдаликлар яратиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Унинг сермазмун ижоди кўплаб мусиқий жанрларни қамраб олган бўлиб, болалар учун қўшиқлар, романслар, солистлар ҳамда халқ ва симфоник оркестр жўрлигида қўшиқлар, кантата, увертюра, симфония, сюита, торли чолғулар учун квартет, фортепиано учун пьесалар каби кўплаб асарларда ўз аксини топган.
Зумрад Тўйчиева 1944 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида илмли, маърифатли оилада дунёга келган. Жуда қизиқувчан қизалоқ Зумрад мусиқага меҳр қўйиб улғаяр эди. Отаси Шоумаров Тўйчи ва онаси Шоумарова Назмихон қизалоқда мусиқа санъатига қизиқиш ва мусиқий қобилияти борилигини сезиб, уни Рейнгольд Глиэр номидаги махсус мусиқа мактабига ўқишга беради.
Зумрад, ўзбек халқ чолғулари бўлимининг қашқар-рубоб синфида машҳур педагог Бўривой Мирзааҳмедов раҳбарлигида таҳсил олди. Ижрочилик маҳоратини ўрганишдан ташқари, у янги очилган композиция синфида Тошкент давлат консерваторияси профессори Борис Исаакович Зейдман раҳбарлигида мусиқий композицияни ҳам ўрганди. 1961 йилда Зумрад мусиқа мактабини аъло баҳолар билан тамомлади.
1961-1966 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиция факультетида ўқиди, 1966-1970 йилларда ТДК қошидаги аспирантурада профессор Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом эттириб, муваффақиятли битирди. Ўқиш даврида бастакорлик маҳорат сирларини мукаммал ўрганган З.Тўйчиева битирув арафасида Эркин Воҳидовнинг “Нидо“ достонига ёзилган вокал-симфоник туркумни мусиқа жамоатчилиги эътиборига тақдим этди. Бу асар биринчи ўзбек аёл бастакори қаламига мансуб эди. Асар бастакорлар уюшмасининг иккинчи пленумида ижро этилди, композитор ва мусиқашунослар томонидан муносиб баҳоланди. Пленумда иштирок этган машҳур композитор Арам Хачатурян асар ҳақида ўз фикрларини билдириб, муаллифнинг кенг дунёқараши, мусиқий тилининг равонлиги ҳамда замонавий ва миллий услубларни маҳорат билан уйғунлаштирганини алоҳида таъкидлади.
Ўқитувчилик фаолиятини Зумрад Тўйчиева 1970 йилдан бошлади. Тошкент давлат консерваторияси “Назария“ кафедраси ўқитувчиси, 1974 йилдан 2001 йилгача ўша даврда янги очилган Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида “Мусиқа назарияси ва тарихи“ кафедрасининг мудираси бўлиб, уни муносиб равишда бошқарди ҳамда 1975-1980 йилларда институт кенгашининг илмий котиби сифатида фаолият юритди. Йиллар давомида институт ва кафедра Зумраднинг иккинчи уйига айланди. У мусиқа назарияси, гармония ва сольфеджио фанлари бўйича юзлаб талабаларни тарбиялаб, уларга билим берди, илмий мақолалар ва ўқув қўлланмалар ёзди. 1991 йилда у доцент унвонига сазовор бўлди ва Тошкент давлат маданият институтида “Мусиқа назарияси ва тарихи“ кафедраси мудираси лавозимида фаолиятини давом эттирди. 2001 йилдан 2021 йилларгача Рейнгольд Морицевич Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида (РИМАЛ) “Мусиқа назарияси“ бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Педагогик ва ижодий фаолиятини уйғунликда олиб борган Зумрад Тўйчиева миллий руҳ ва оҳанглар билан сингдирилган турли жанр ва шаклларда катта ва мураккаб асарлар яратди. Улар орасида Зулфия сўзига ёзилган яккахон, хор ва симфоник оркестр учун “Аёл мадҳияси”, Ҳусниддин Шарипов сўзига ёзилган яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун “Табаррук тупроққа қасида” кантатаси, Туроб Тўла сўзига ёзилган “Фарзанд меҳри” балладаси, “Байрам увертюраси”, камер асарлари орасида торли квартет учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун вариацияли ария, сонатина, фортепиано учун пьесалар, прелюдия ва фугалар ўзига хос ўрин тутади. Бу асарлар ўзбек халқ куйларига хос бўлган куч, оҳанг ва мафтункорликни ўзида мужассам этгани билан ажралиб туради.
З.Тўйчиева ўзбек чолғулари табиатини яхши билади, улардан моҳирона фойдаланади. Унинг ўзбек халқ чолғулари оркестри ва хонанда учун ёзилган қўшиқ ва романслари миллий руҳ билан йўғрилган, улар табиий ва жозибали жаранглайди. Надим Орифжонов сўзига ёзилган “Ҳур Ватан” номли қўшиқ оммавий куйлар ва марш оҳангларидан мужассам бўлган. У болалар хори, яккахон ва оркестр учун ёзилган бўлиб, қувноқ ва шодликка тўла кайфиятда янграйди.
Зумрад Тўйчиевани “Мусиқа назарияси“ фанларининг фахрий ўқитувчиси десак муболаға бўлмайди, 50 йиллик ўқитувчилик фаолияти давомида ижрочилар ва ўқитувчиларнинг бир неча авлодини ўстириб, вояга етказди.
З.Тўйчиева ўқитувчилик фаолияти билан бир қаторда илмий-услубий ишларни ҳам олиб борар эди: “Сольфеджиодан интонацион машқлар“, “Гармониядан якка дарсларни олиб бориш услуби“, “Кўп овозли диктант ёзиш ўқувини ривожлантириш“, Ўзбекистон композиторлари асарлари асосида ёзилган “Полифоник сольфеджио“, муаллиф – З.Тўйчиеванинг мусиқалари асосида ёзилган “Полифониядан таҳлилий машқ ва масалалар“ каби ўқув қўлланмалари ҳозирги кунда ҳам талабаларга назарий фанларни ўзлаштириш жараёнига кўмак беради.
Зумрад Тўйчиева ҳаёти давомида ижодий, педагогик фаолиятларидан ташқари маърифий жамоатчилик фаолиятни ҳам олиб борди. У ўзбек мусиқий санъатининг ривожи ва оммалашишига катта ҳисса қўшди. “Мусиқа оламида“ номли бир қатор радио ва телевидение эшиттиришлари муаллифи бўлиб, уларда ёш ижрочиларнинг ютуқлари намойиш этилган. Ўзбек композиторларининг ижодини тарғиб этишга бағишланган концертлар ва учрашувлар ташкил қилган.
Устознинг ҳаёт йўли барчага намуна бўла оладиган ибрат мактаби бўлиб, унинг ёди ва сиймоси шогирдлар ва илм аҳли хотирасида абадий сақланиб қолади.
Севара Маликова,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори.